Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроил ҳукумати Қуддусдаги арабларни ўз манзилларидан кўчириш фикридан қайтса ва норозилик намойишлари вақтида қўлга олинганларни озод қилса, қуролли тўқнашувларни тўхтатишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ташкилот сиёсий бошқармаси раҳбари Ҳолид Машал TRT Араби телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Фото: Reuters

«Босқинчи кучлар Шайх Жарроҳ даҳасидаги одамларни кўчириш, Қуддусдаги норозиликлар вақтида ҳибсга олинганларни озод қилиши лозим, шунингдек, улар Ғазодаги зўравонликларга барҳам бериши зарур», — деган Машал.

ҲАМАС вакили Исроилнинг ал-Ақсо масжиди назоратини топшириши кераклиги ва бу шартлардан яна бири эканлигини қайд этди. Машалнинг фикрича, давлат масжидга келувчиларнинг ибодат қилиши, маросимлар ўтказишига рухсат бериши лозим. Тинчлик сулҳини тузишда Туркия, Қатар ва Миср икки томон ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини маълум қилган.

Al Arabiya телеканали манбаларининг ахборотига таяниб, Миср Исроилга вазиятни ўнглашда тўғридан-тўғри воситачиликни таклиф этганини хабар қилган. Миср томони бир йил муддатга ўт очиш режимини бекор қилишни тавсия этган. Қоҳира мазкур сулҳ шартларига риоя этилишининг назоратини амалга оширади. Бироқ Исроил ҳукумати ушбу таклифни рад қилган.

Исроил ҳамда ҲАМАС ўртасидаги низо 10 майда Исроил ҳукуматининг Қуддусдаги араб оилаларини кўчириш бўйича қарор қабул қилганидан кейин оммавий намойишлар бошланганидан сўнг кескинлашган.

10 майдан ҲАМАС Исроил ҳудудига ракета зарбаларини беришни бошлаган. Исроил мудофаа армияси мазкур ҳаракатларга жавобан Ғазо секторини бомбардимон қилди. Шунингдек, Исроил армияси ҲАМАС разведкасининг икки нафар юқори лавозимдаги вакили йўқ қилинганини, жангарилар ҳаракатланадиган иккита туннел тармоқларига, ташкилотнинг офисига зарба берилганини хабар қилди.

14 майда Машал Исроил билан тинчлик сулҳи тузишга тайёр эканлигини билдирган.