Ҳиндистон ҳукумати ўликларнинг сувга ноқонуний равишда ташланишининг олдини олиш мақсадида Ганга дарёсига тўрлар ўрнатди, деб ёзмоқда Daily Mail нашри.

Фото: Reuters

Бихар штатининг губернатори Санжай Кумарнинг ўз Twitter саҳифасида маълум қилишича, ушбу штатнинг Уттар-Прадеш штати билан чегарасида дарёга тўр ўрнатилди ва патруль сони оширилди.

«Икки штат чегарасида дарёга тўрлар ўрнатилди ва патруллар сони кўпайтирилди. Маҳаллий ҳокимият Ганга дарёсидаги фожиадан ва кўрилаётган зарарлардан хавотирда. Экспертиза жасадлар беш кундан буён дарёда турганини тасдиқлади», — деди Кумар.

Сўнгги икки кун ичида дарёнинг фақат бир қисмига ўнлаб жасадлар ташланди, натижада уларнинг умумий сони 100 дан ошди, шунингдек, Ҳиндистондаги муқаддас дарёнинг бошқа қисмларидан ҳам жасадлар топилди. Маҳаллий аҳолининг айтишича, гап 150 нафар ўлик ҳақида кетмоқда. Уларни тез тиббий ёрдам ходимлари дарёга улоқтириб юборган.

Коронавирус билан касалланган жасадлар Уттар-Прадеш ва Бихар штатларининг чегарасидан оқиб ўтувчи Ганга дарёсидан топилган. Маҳаллий аҳолининг фикрига кўра, дафн маросими ва ўликни куйдириш харажатлари қимматга тушаётгани сабабли жасадлар дарёга ташлаб юборилмоқда.

Аввалроқ Бихар штати аҳолиси ўзлари чўмиладиган ва сув ичадиган дарёдан 100 кишининг жасадини топгани ҳақида хабар берилганди. Уларнинг ўлимига коронавирус инфекцияси сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Шундан кейин Ҳиндистон ҳукумати ўликларни дарёга ташлашни дарҳол тўхтатишни талаб қилди.

Маълумот учун, Ҳиндистон коронавирус билан касалланганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 22,2 миллиондан ошди. Аввалроқ Ҳиндистонда коронавирусдан соғайганларда «қора замбуруғ» тарқалиши қайд этилган эди.