АҚШ президенти Жо Байден собиқ президент Дональд Трамп томонидан 2020—2021 йилларда имзоланган еттита фармонни бекор қилди. Бу ҳақда Оқ уй веб- сайтига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Reuters

Бекор қилинган фармонлар орасида, хусусан:

  • Иммиграция идораларига маълум тиббий суғурта ёки етарли молиявий ресурсга эга бўлмаган ҳамда АҚШ соғлиқни сақлаш тизими учун «юк» бўлиши мумкин бўлган шахсларга мамлакатда яшаш учун рухсатномани рад этиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги фармон;
  • Онлайн цензуранинг олдини олиш тўғрисидаги фармон;
  • Собиқ президент Black Lives Matter ҳаракати норозилиги фонида имзолаган Америка ёдгорликлари ва монументларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги фармон: ҳаракат иштирокчилари қул савдоси билан боғлиқ тарихий шахсларнинг ёдгорликларини вайрон қилган эди.
  • Шон-шараф залларининг аналогига айланиши керак бўлган Америка Қаҳрамонлари Миллий боғини ташкил этиш ва тезкор ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги фармон.

Таъкидланишича, Трампнинг қолган фармонларида АҚШ гуманитар ёрдами ва давлат хизматчиларига кўрсатиладиган ёрдам қонуний нормаларга номувофиқ тарзда белгиланган.

Иммиграция ва соғлиқни суғурталашга оид фармонни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида хабарда Байден ушбу ҳужжат АҚШ манфаатларига мос келмаслигини айтди.

«Менинг маъмуриятим сифатли ва арзон тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга содиқдир. Бироқ биз ушбу мамлакатга қонуний равишда иммиграция қилишни истаган, аммо муҳим молиявий ресурсларга эга бўлмаган ёки тиббий суғурта сотиб олмаган фуқароларнинг киришини тақиқламасдан туриб ҳам, ушбу мақсадга эришишимиз мумкин», — деди президент.

Президентликнинг биринчи куниёқ Байден Трамп томонидан қабул қилинган бир нечта фармонларни бекор қила бошлаган эди. Хусусан, Байден Трампнинг иқлим бўйича Париж битими ва ЖССТдан чиқиш тўғрисидаги қарорларини ҳамда мамлакатга айрим тоифадаги чет элликларнинг киришини тақиқловчи ҳужжатни бекор қилган.