Коронавирус пандемиясининг иккинчи йили биринчисидан кўра кўпроқ одамларнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адан Гебрейесус хавотир билан айтиб ўтди. Ҳозирги кунга келиб дунёда COVID-19 қурбонлари сони 3,3 миллиондан ортган.

Фото: nsn.fm

«COVID-19 3,3 миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига нуқта қўйди ва биз пандемиянинг иккинчи йили биринчисига нисбатан анча ҳалокатли бўлиши мумкинлиги йўлида турибмиз», — деди Гебрейесус журналистларга.

ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, Америкадаги баъзи мамлакатларда ўлим ҳолатлари ҳалигача кўп. «Умуман олганда, сўнгги бир ҳафта ичида қайд этилган COVID-19’дан ўлимларнинг 40 фоизи ушбу минтақага тўғри келади», — деди у.

Сўнгги маълумотларга кўра, пандемия бошланган бир йилдан кўпроқ вақт мобайнида дунё бўйлаб 160 миллиондан ортиқ одам коронавирусга чалинган. Ўтган бир кеча-кундузда инфекцияни юқтириш бўйича 600 мингдан ортиқ янги ҳолатлар қайд этилди. Касалланганлар сонининг кўплиги бўйича етакчи давлатлар АҚШ (32,5 миллион), Ҳиндистон (24 миллион), Бразилия (15,3 миллион) бўлиб қолмоқда.

12 май куни Тедрос Гебрейесус коронавирусга қарши эмланган эди. Шунингдек, у вакцинация имконияти мавжуд бўлган мамлакатларнинг фуқароларини коронавирусга қарши эмланишга чақирди.