Тожикистон ҳудудидаги Сарез кўли тўғонининг ёрилиши натижасида сув тошқини хавфи юзага келганда аҳолини шартли эвакуация қилиш бўйича ўқув машқлари ўтказилади. Бу ҳақда Бухоро вилояти ФВБ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: AFP

Маълум қилинишича, 19–21 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари бошқарув органлари ва ФВДТ қуйи тизимлари хизматларининг Тожикистон ҳудудидаги Сарез кўли тўғони ёрилиши натижасида сув босиш хавфи юзага келганда аҳолини шартли эвакуация қилиш тадбирларини ташкил этиш бўйича республика миқёсидаги махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилиши режалаштирилган.

«Мазкур тадбирларни ёритиш даврида аҳоли орасида ваҳима ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш, тадбирлар ўқув машқлари доирасида ўтказилаётганини тушунтириш мақсадида вилоят ОАВ вакилларини ҳамкорликка таклиф этади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январида ижтимоий тармоқларда қўшни Тожикистон ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омборида тўғон ёрилгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Кўп ўтмай Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ахборот ёлғон ва ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди. Сув хўжалиги вазирлиги фуқароларни бу каби ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва хотиржамликка чақирди. Кейинроқ Сирдарё вилоят ИИБ аҳоли орасида ваҳима уйғотувчи нотўғри маълумот тарқатганларни қўлга олган.

Маълумот учун, Сарез кўли Помир тоғларида 1911 йилда 7 балли зилзиладан сўнг ҳосил бўлган. Зилзила натижасида Мурғоб дарёси катта кўчки билан тўсиб қўйилган ва табиий сув тўғони ҳосил бўлган. Шундан сўнг Сарез қишлоғини сув босган ва кўлга қишлоқ номи берилган.

2000 йилда тўртта манфаатдор давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари жаҳон ҳамжамиятига Сарез кўли муаммосини ҳал қилишда интеллектуал ва молиявий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган. Худди шу йили Жаҳон банки раҳбарлигида ушбу кўлда бўлиши мумкин бўлган фалокат хавфини камайтиришга қаратилган халқаро лойиҳа бошланган.

Бугунги кунда Сарез кўлининг энг чуқур жойи 505 метрга тенг. Ёғингарчилик сони ва сув билан қанчалик тўлишига қараб, кўлнинг узунлиги 65 дан 75 километргача ўзгаради. Сув ҳавзасининг бундай катта ўлчами атроф-муҳит учун таҳдид туғдиради.

Сарез кўлида сув тошқинининг олдини олиш учун 2019 йилда 3,5 миллион доллар ажратилган.