Покистон шарқида микроавтобус каналга қулаб тушди, оқибатда 11 киши, жумладан, етти нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Global Look Press

Таъкидланишича, 11 кишини олиб кетаётган йўловчи микроавтобуси Шейхупур шаҳрининг Ханка Догран туманидаги Мианвали каналига тушиб кетган. Воқеа жойига етиб келган полиция ва қутқарув гуруҳлари сувга ғарқ бўлган автомобилдан жасадларни олиб чиққан.

Ҳалок бўлган етти бола, уч аёл ва бир эркакнинг ҳаммаси бир оила вакиллари бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, аварияга тезликнинг оширилиши сабаб бўлган.

Аввалроқ Ҳиндистоннинг Мадҳя-Прадеш штатида йўловчиларни олиб кетаётган автобус Шарда каналига қулаб тушган эди. Автобус салонида 60 киши бўлган, уларнинг камида 40 нафари вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Техас штатидаги Вудлендс шаҳрида автопилот режимида ҳаракатланган Tesla электромобилининг катта тезликда дарахтга урилиши натижасида икки киши ҳалок бўлди. Ундан аввал Флорида штатининг Мирамар шаҳрида соатига 160 километр тезликда ҳаракатланган Tesla Модель S бир нечта дарахт, автотураргоҳдаги иккита автомобиль ва йўл четидаги уйлардан бирига урилиб, ҳайдовчининг омон қолгани ҳақида хабар берилган.

Шунингдек, АҚШдаги сирпанчиқ трассада 130 га яқин машина тўқнашиб, 6 киши ҳалок бўлгани, Ганада автобуслар тўқнашуви оқибатида 17 нафар одам ҳалок бўлгани ҳамда Камерунда юк машинаси ва автобус иштирокидаги ЙТҲда 50 дан ортиқ одам ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.