«Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ОФК Кубоги 1-тури доирасида «Олой»га қарши кечган ўйиндан (4:0) кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: «Насаф ФК»

Биринчи бўлимда кўплаб вазиятлар яратдик, бироқ яратилган имкониятлардан фойдаланишда оқсадик, қаердадир совуққонлик етишмади. Голдан кейин барчаси ўз жойига тушди деб ўйлайман. Йирик ғалабага эришдик, бундан хурсандмиз. Кейинги баҳсга тайёргарликни бошлаймиз.

Ўйиннинг дастлабки 15 дақиқасида жамоанинг ўйин жиҳатидан ўзига ўхшамагани ҳақида

Ҳаяжон билан боғлиқ деб ўйлайман. Жамоа эркин ҳаракат қилиш ўрнига босим билан ўйнади. Бу тушунарли, сабаби таркибимизда ёш футболчилар кўп. Агар биринчи таймда гол уриб олганимизда, балки биз кутган ўйин намойиш этиларди. Яна бир ҳолат, ўйиндан олдинги икки кунда ёмғир ёғди, ҳаво салқин бўлди. Ўйин куни эса жуда иссиқ бўлди. Бу ҳам ўйинга ўз таъсирини ўтказди.

Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи

Шунингдек, матбуот анжуманида жамоа ҳужумкор ярим ҳимоячиси Шоҳмалик Комилов ҳам ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.

Фото: «Насаф ФК»

«Бугунги ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклайман. Биринчи таймда кўп имкониятларга эга бўлдик, аммо гол ура олмадик. Иккинчи таймда эса ўз ўйинимизни намойиш этиб голлар урдик», — дейди Шоҳмалик Комилов.

«Насаф» 2-тур доирасида «Хўжанд» билан баҳс юритади. Учрашув 17 май куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да бошланади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!