Россиянинг Приморе ўлкаси прокуратураси тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш бўйича айблов хулосасини тасдиқлади.

Фото: Приморе ўлкаси прокуратураси

Икки нафар айбланувчи 2020 йилнинг январида жиноий гуруҳ тузган ва яна уч нафар ўзбекистонликни унга жалб этган. Улар Владивосток ва Уссурийскдаги интернет-кафеларга 8 маротаба босқинчилик ҳужумини амалга оширган. Етказилган умумий зарар 430 минг рублдан ошади (60,6 миллион сўм).

Ишлаб чиқилган схема ва роллар тақсимотига кўра, кечки ёки тунги вақтда жиноий гуруҳ аъзоларидан бири интернет-кафега ташриф буюрувчи сифатида кирган ва у ерда ҳеч ким қолмаган вақтгача ўтириб, бу ҳақда шерикларига хабар берган. Жиноий гуруҳ аъзолари бошларига ниқоб кийган ҳолда бостириб кирган ва администраторга таҳдид қилиб, пул маблағлари ҳамда қимматбаҳо буюмларни ўғирлаб кетган.

Россия Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят иши Приморе ўлкаси судига юборилган. Олдинроқ жиноий гуруҳ аъзоларидан бири 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январида ўзбекистонлик 4 нафар эркак Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида босқинчилик қилгани учун қўлга олинганди. Мазкур шахслар 2019 йилнинг 21 декабрь куни бир йўловчининг иккита телефони ва банк пластик картасини олиб қўйган. Босқинчилар 2020 йил 5 январь куни эса Санкт-Петербургдаги Ветеранлар кўчасида таксичининг машинасини эгаллаб олган.