Самарқанд вилояти Қўшработ туманида тиланчилик қилиб, одамларнинг уйларидан қимматбаҳо буюмларни олиб чиқиб кетган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканали орқали маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, икки аёл туманнинг «Қовунчи» қишлоғидаги хонадонларнинг бирига кириб, уй эгаларини алдаб, «бешикда ётган боланинг мазаси йўқ» дея ирим-сирим қилади. Ирим-сирим жараёнида аёллар битта ёстиқ, косага сув ва қимматбаҳо тақинчоқлар сўрайди. Шундан сўнг улар тақинчоқларни ёстиқ ичига тикиб қўйганини ва уни уч кундан кейин очиш лозимлигини айтиб, чиқиб кетган.

Аёллар хонадондан чиқиб кетгач, уй эгалари чув тушганини сезиб қолган ва бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жиноятга қўл урган шахслар ўша куннинг ўзида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Қўшработ туманида кўриб чиқилган суд ишида аёллар Жиноят кодексининг 168-модда (фирибгарлик) 2-қисми билан айбли деб топилиб, уларга 1 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, аёлларнинг ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинади.

Аввалроқ Тошкентда вафот этган боланинг суратини интернетга жойлаб, шу орқали хайрия пули тўплаган аёл ушлангани, Бухорода севган қизини «иссиқ-совуқ» қилиб қайтариб беришини айтиб, 31 ёшли йигитнинг 3 минг долларини «ухлатган» аёлга жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.