Тошкентда 1 майдан 11 майга қадар 4620 кишига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси (пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши) 1-қисми бўйича баённомалар расмийлаштирилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида Тошкентда 1 майдан 31 майга қадар пиёдаларга йўл ҳаракати қоидаларини эслатиш тадбирлари ўтказилмоқда. Жаримага тортилган пиёдалардан кўпчилиги пиёдалар ўтиш жойи яқин бўлган жойларда ҳам йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмоқчи бўлган.

Аксарият ҳолларда жойларда мулоқот қилинган қоидабузарлар ҳайдовчилар уларни доимо кўриб туришига ва йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олишга доим имконлари борлигига амин эканликларини айтган. «Аммо бу каби тасаввур хато бўлиб, авваламбор, пиёданинг, унинг фарзандларининг ҳаёти учун хавфлидир», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиниши устидан кучайтирилган назоратдан ташқари, масъул идора ишчилари билан биргаликда санитария-эпидемиология талабларига риоя қилиниши ҳам таъминланмоқда. Хусусан, такси ҳайдовчилари, жамоат транспорти ҳайдовчилари ва йўловчилари томонидан қоидаларга риоя қилиниши назорат этилмоқда. 1 майдан 10 майга қадар бўлган давр ичида 4 мингдан зиёд фуқаро жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юргани маълум бўлган – уларга нисбатан тегишли маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда январь—март ойларида содир бўлган ЙТҲларда қарийб 400 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.