Хитой биринчи марта Марсга ўз космик аппаратини муваффақиятли қўндирди. «Тянвен-1» аппарати космосда қарийб етти ой парвоз қилиб, икки ойдан кўпроқ вақт мобайнида Қизил сайёрада қўниш учун қулай жой қидирган. Аппарат «Чжунчжун» марсоходи билан 15 май куни эрталаб Марс юзасига қўнди. «РБК» қўниш жараёни ҳамда марсоход тақдим этган илк фотосуратлар ҳақида фоторепортаж тайёрлади.

Пекин аэрокосмик бошқарув маркази техник ходимлари иш устида. «Тянвен-1» аппарати Марс сатҳига ровер билан қўниш модулини ишга туширди

Фото: Global Look Press

«Космик аппарат Марснинг шимолий ярим шаридаги текисликда олдиндан танланган қўниш зонасига тушди. Ерусти назорати йўқлиги сабабли қўниш машаққатли бўлди, кема уни автоном тарзда амалга оширди», — деди Миллий космик бошқарманинг Ойни ўрганиш ва космик дастурлар маркази ходими Ген Ян.

Фото: Global Look Press

Хитой бош вазирининг ўринбосари Хан Чжен Пекин аэрокосмик бошқарув марказида Хитой марсоходининг қўнишини кузатмоқда.

Фото: Global Look Press

Марс миссиясининг асосий вазифалари — сайёра сиртини ва тупроқ таркибини, шунингдек атмосферанинг ўзига хос хусусиятларини ва иқлим шароитларини ўрганиш, сув ва ҳаёт изларини қидириш. Ҳисоб-китобларга кўра, «Тянвен-1» космик модули камида бир Ер йили давомида, ровер эса уч ойга яқин иш олиб боради.

Фото: imago-images.dе

Хитой президенти Си Цзиньпин Хитойнинг аэрокосмик саноати вакилларини «Тянвен-1»нинг Марсга муваффақиятли қўниши билан табриклади. «Аппаратнинг Қизил сайёрага муваффақиятли қўниши ХХР сайёралараро тадқиқотида янги босқични бошлаб берди», — деди Си Цзиньпин.

Фото: Global Look Press

Хитой ҳукумати «Тянвен-1»томонидан олинган дастлабки учта фотосуратни тақдим этди, улардан иккитаси оқ-қора ва биттаси рангли. Рангли сурат Қизил сайёранинг шимолий қутбини акс эттиради.

Фото: China National Space Аdministration

Оқ-қора тасвирлар космик аппарат Марс юзасидан тахминан 330—350 км баландликда пайти олинган. Фотосуратларда вулқон оғзи, тоғ тизмалари ва қум тепаларини кўриш мумкин.

Фото: China National Space Аdministration

Фото: China National Space Аdministration

«Тянвен 1» —  Марсни тадқиқ қилиш учун 1960 йил октябрдан бери амалга оширилган 46- миссия. Ўшанда совет иттифоқининг «Молния 8К78» ракета ташувчиси Байконурдан учирилган, у «Марс» номли совет автоматик сайёралараро станциясини Марсга учиш траекториясига олиб бориши керак эди. Бу Қизил сайёра юзасига чиқиш учун биринчи уриниш бўлган, аммо ракета ҳалокати туфайли парвоз муваффақиятсиз тугаган.