Twitter ижтимоий тармоғида пушти рангга эга шубҳали iPhone 13 Pro Max’нинг сурати пайдо бўлди. Бу каби модель ҳақиқатан ҳам тақдим этилиши истисно этилмаяпти, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Twitter / @PengPhones

PengPhones ники остидаги фойдаланувчи томонидан тармоққа жойлаштирилган суратдаги смартфон ранги Rose Pink бўлиб, унинг атрофида Apple’нинг бошқа пушти аксессуарлари — AirPods, AirPods Max ва iPhone учун ғилофи жойлашган.

2021 йилда пушти iPhone тақдим этилишини олдиндан тахмин қилиш мушкул, чунки тарқалган маълумот таниқли инсайдерлар томонидан тасдиқланмаган. Афтидан, исталган инсон суратни ўзгартириб, уни «Apple’нинг фош этилган рендери» дея олади. Фойдаланувчилар пост остига ушбу кадрнинг шубҳали экани борасида изоҳлар қолдирмоқда.

Apple ҳозирга қадар iPhone 13 линейкасининг ранглари ва унинг қачон тақдим этилиши ҳақида бирор расмий маълумот бергани йўқ, шу сабабли барча тахминлар билан банд. Аммо пушти iPhone’нинг пайдо бўлиш имконияти барибир мавжуд.

Пуштининг 50 жилоси

Биринчидан, Apple бунга қадар пушти рангли iPhone тақдим этган. Гап 2013 йилги iPhone 5S ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, 2015 йилда ишлаб чиқарилган iPhone 6S ҳам «олтинранг пушти» рангида сотилган, 2018 йилги iPhone XR эса коралл рангда эди.

Кадр: YouTube

Шундан буён пушти ранг техника борасида ҳам оммалашди. 2021 йилнинг февралида Samsung компанияси Galaxy S 21 флагманининг фантом-пушти ва фантом-бинафша ранглардаги версияларини тақдим этди.

Фото: Samsung

Иккинчидан, Apple яқинда бинафша рангдаги iPhone 12’ни тақдим этди. Бундан ташқари, компания турли рангларга эга янгиланган iMac’ни сотувга чиқарди. iMac рангларидан бири — пушти. Бу каби рангга эга янги iPhone ростдан ҳам пайдо бўлиш-бўлмаслиги яқин ойларда ойдинлашади.

Фото: Apple