Малида ҳарбийлар мамлакатнинг вақтинчалик президенти Ба Ндау ва ҳукумат раҳбари Моктар Уанни ҳибсга олди, деб ёзади «Интерфакс». Улар 24 май, душанба куни Бамако яқинидаги Кати ҳарбий базасига олиб борилди.

Фото: EPA

Ўтиш даври ҳукумати май ойида истеъфога чиққан ва вақтинчалик президент Вазирлар Маҳкамаси раҳбарига янги ҳукумат тузишни топширган эди. Янги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилгани ҳақида 24 май куни маълум бўлди. Унинг таркибига ички хавфсизлик вазири Модибо Коне ва мудофаа вазири Садио Камара кирмади. Уларнинг четлатилиши юзасидан ҳеч қандай сабаблар келтирилмади, аммо бу қадам ўтиш даври ҳукумати ичида зиддиятлар кучайганини ифодалади. Муваққат президент ва бош вазирнинг қўлга олиниши янги ҳукуматнинг аввалроқ эълон қилинган таркибига кўрсатилган жавоб бўлиши мумкин. Айни пайтда Вақтинчалик президент ва бош вазирдан бу борада ҳеч қандай изоҳлар йўқ.

Мали пойтахтидаги АҚШ элчихонаси, бу орада, «Бамакода ҳарбий фаолликнинг кучайтирилиши ҳақида хабарлар» олганини маълум қилиб, Бамакодаги америкаликларни ўз ҳаракатланишларини чеклашга чақирди. 24 май куни кечки пайт кўчаларда тартибсизликлар бошланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Африка ва Европа иттифоқлари, Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий кенгаши (ECOWAS), АҚШ, Германия ва Буюк Британия Малида қўлга олинган сиёсатчиларни зудлик билан озод этишга чақирди. Қўшма баёнот мамлакатдаги БМТ миссияси томонидан тарқатилди.

Баёнот муаллифлари мамлакатда бўлиб ўтган ҳодисани ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш деб атаб, қўлга олинганларни «зудлик билан ва сўзсиз» озод этишни талаб қилди. Улар халқаро ҳамжамият куч ишлатиш йўли билан амалга оширилган ҳар қандай ҳаракатларни, шу жумладан, мажбурий истеъфоларни ҳам рад этишини таъкидлади.

ECOWAS делегацияси 25 май куни Малига боришини эълон қилди. Малидаги БМТ миссияси мамлакатда ўтиш даврини тиклаш учун у билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Малида ўтиш даври ҳукумати 2020 йил сентябрида, қўзғолон бўлиб, президент Иброҳим Бубакар Кейта ва бош вазир Бубу Сиссе четлатилганидан кейин тасдиқланган эди. Иброҳим Бубакар Кейта ҳарбийлар босими остида истеъфо берган эди. Кетиш ҳақидаги расмий баёнот миллий телевидение орқали намойиш этилди. Кейта «ўз лавозимида қолиш учун қон тўкишни истамаслиги»ни айтди.