Малининг муваққат президенти Бах Ндау ва бош вазир Моктар Уан истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат вице-президентининг маслаҳатчиси Бубу Сиссе маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Бах Ндау

Фото: AP Photo

«Уларни озод қилиш ва янги ҳукуматни шакллантириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ҳибсга олинганлар президент ва бош вазирнинг истеъфосидан кейин эркинликка қайтади, бу хавфсизлик нуқтаи назаридан аста-секин амалга оширилади», — деб қўшимча қилди Сиссе. Озодликка чиқаришнинг аниқ вақти айтилмади.

Президент ва бош вазир ҳибсга олингандан икки кун ўтгач истеъфога чиқди.

24 май куни Al Jazeera телеканали Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Африка Иттифоқига асосланиб, Малидаги аскарлар муваққат ҳукумат президенти ва бош вазирини ҳибсга олгани ҳақида хабар тарқатди. Улар Бамако яқинидаги Кати ҳарбий базасига олиб борилган. Бу воқеа Малида аввалги президентини ағдариб ташлаган ҳарбий тўнтаришдан тўққиз ой ўтгач содир бўлди.

Малининг аввалги президенти Иброҳим Бубакар Кейта 2020 йил 19 августда истеъфога чиқишини эълон қилган эди. 18 август куни ҳарбийлар Кейтани ҳибсга олган.

Унга қадар мамлакатда ҳарбий исён бўлган, натижада бир нечта юқори мартабали фуқаролик ва ҳарбий раҳбарлар ҳибсга олинган. Ҳукуматга қарши намойишда қатнашган «5 июнь ҳаракати — Ватанпарварлик кучлари иттифоқи» мухолифати Кейтанинг ҳибсга олинишини «халқ қўзғолони» деб атаган. Иброҳим Бубакар Кейта 27 августда озод қилинган.