Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда ипотека дастурларини амалга ошириш, кўп қаватли уй-жойлар мавзеларини барпо этиш, уларни инфратузилма билан таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

«Бугунги йиғилишда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, турар жойларни таъмирлаш орқали уларга муносиб шароит яратиб бериш бўйича аниқ вазифаларни муҳокама қиламиз.

2021 йилги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада бажарилиши лозим бўлган аниқ ишлар белгиланиб, бунга 18 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига яна қўшимча 300 миллион доллар ажратдик. Натижада биргина ичимлик суви таъминоти соҳасида 1 минг 300 километрлик тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди, 8,5 минг километр ички йўллар таъмирланди.

Ўтган даврда 2 минг километр электр тармоқлари тортилиб, 1 мингта трансформатор янгиланди. Лекин барча соҳалар ва ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда сифатли бажариляпти, деб бўлмайди.

Мисол учун, жами 256 та ёки 13 фоиз ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган бўлса, 600 та, яъни 47 фоиз объект бўйича тендер якунланмаган. Шундан 290 та мактаб, 164 та боғча, 110 та тиббиёт муассасаси, 12 та маданият, 22 та маҳалла ва 2 та спорт объекти.

Жумладан, Хоразмда – 36 та (49 фоиз), Наманганда – 68 та (64 фоиз), Тошкент вилоятида – 104 та (64 фоиз), Фарғонада – 58 та (50 фоиз), Тошкент шаҳрида – 17 та (85 фоиз) объектлар бўйича тендерлар бошланмаган», – деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 368 та объектда ишлар амалга оширилиши белгилангани билан ҳозиргача Тошкент шаҳри, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидан бошқа ҳудудларда ишлар бошланмаган.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев тендердаги лойиҳалар рейтингда йўқ қурилиш компанияларига бериб юборилаётганини танқид қилгани ҳамда Урганч тумани СЕО томонидан ўтказилган тендерда раҳбарнинг укасига тегишли корхона ғолиб чиққани ҳақида хабар берилганди.