Тошкентда бир ёшли фарзандини 5 минг долларга сотишга уринган эр-хотинга жазо тайинланди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 22 ёшли аёл ҳамда унинг турмуш ўртоғи ўз фарзандини 5 минг долларга сотишга уринган вақтида қўлга олинган.

«Менга Алиса қўнғироқ қилиб, кўришишни таклиф қилди. Биз кўришдик ва у менинг фарзандимни асраб олмоқчи эканини билдирди. Мен эса унга турмуш ўртоғим билан гаплашиб олишим кераклигини айтдим. Эрим рад жавобини берди. Кейин у бизга 5 минг доллар пул таклиф қилди. Ўйлаб кўриб, унинг қандай шароитда яшаши билан танишгач, биз рози бўлдик», — дейди боланинг онаси.

Таъкидланишича эр-хотиннинг иккиси ҳам меҳрибонлик уйида улғайган. Ўзларининг бир ёшли фарзандини сотишга сабаб қилиб карантин давридаги қийинчиликларни кўрсатган.

«Карантин даврида бизга қийин бўлди. Ишимиз ҳам йўқ эди. Маҳалладан ёрдам сўрадик, аммо ёрдам беришмади», — дейди эркак.

Эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми «а» бандига асосан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Боланинг онасига тайинланган жазо уч йиллик синов муддатига алмаштирилган.

Аввалроқ Навоийда 3 ёшли фарзандини 60 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани, Бухорода янги туғилган чақалоқни 8 млн сўмга сотмоқчи бўлган она ва бола қўлга олингани, Андижонда 3 ойлик чақалоғини 700 долларга сотишга уринган аёл ушлангани тўғрисида хабар берилганди.