Мали конституцион суди полковник Ассими Гойтани мамлакатнинг вақтинчалик президенти этиб тайинлади. Бу ҳақда суд қарорига таяниб, Reuters хабар берди.

Вақтинча Мали президенти вазифасини бажарувчи Ассими Гойта

Фото: «Reuters»

2020 йилда бўлиб ўтган ҳарбий тўнтариш натижасида Гойта вице-президентлик лавозимини эгаллаган эди.

Суд қарорига мувофиқ, энди Ассими Гойта «мамлакатда ўтиш жараёни тугагунига қадар унга раҳбарлик қилувчи вақтинчалик президент» вазифасини бажаради. Ўтиш даври 2022 йил февраль ойига белгиланган янги президентлик ва парламент сайловларига қадар давом этиши назарда тутилган.

2020 йилнинг 18 август куни Малида ҳарбий тўнтариш содир бўлган эди, сентябрь ойида эса мудофаа вазири Бах Ндао вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи, Ассими Гойта вице президент этиб тайинланган эди. 2021 йилнинг 24 май куни Бах Ндао ва вақтинчалик бош вазир вазифасини бажарувчи Моктар Уан ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Африка ва Европа иттифоқлари, Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий кенгаши (ECOWAS), АҚШ, Германия ва Буюк Британия Малида қўлга олинган сиёсатчиларни зудлик билан озод этишга чақирди. Қўшма баёнот мамлакатдаги БМТ миссияси томонидан тарқатилди.

Кейинчалик улар ҳибсда истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзди. Шундан кейин улар озод қилинди. Истеъфо бўйича Ндао ва Уандан ҳали расмий баёнот олинмаган.