Самарқанд автомобиль заводи ва «СариаркаАвтоПром» Қозоғистонда паст полли «SamAvto» SAZ LE60 автобусларини ишлаб чиқариш бўйича битим имзолади, деб хабар беради «Подробно».

Фото: «Подробно»

Серияли ишлаб чиқариш жараёнлари июнда бошланади, йил охирига бориб 200 нусха автобус конвеердан чиқади. Шу билан бирга, 2022 йилга бориб, ишлаб чиқариш қувватини 1000 нусхага етказиш режалаштирилган.

«Ҳамёнбоп йўловчи техникаларини ишлаб чиқариш орқали мамлакатдаги автобус паркларининг эскириши билан боғлиқ муаммони ечиш ниятидамиз. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотни танлашда биз техник тавсифидан келиб чиқяпмиз — Эуро V экологик класси ҳамда йўловчилар хавфсизлиги муҳим. SAZ LE60 автобуси ушбу талабларнинг барчасига жавоб беради, шундай экан унинг Қозоғистон йўналишларида пайдо бўлишини кутамиз», — дейди «Allur» АЖ президенти Оксана Холстинина.

Шу билан бирга, «СариаркаАвтоПром» заводи Самарқанд автомобиль заводининг SAZ автобуслари жамланмасини Қозоғистоннинг исталган вилояти талабларидан келиб чиқиб тақдим этиши мумкин.

«Биз Ўзбекистонда лойиҳалаштирилган ‘SamAvto’ SAZ LE60 автобусларига бўлган қизиқишни юқори баҳолаймиз. Ушбу автобус Қозоғистоннинг жанубий вилоятларидаги иқлим шароитларида мослашиш жараёнидан ўтди, энди эса мамлакат шимолига мослаштирилади. Умид қиламанки, Қозоғистон аҳолиси унинг қулайлиги, хавфсизлиги ва узоқ муддат хизмат қилиши каби афзалликларини қадрлайди», — дейди SamAuto бош директори Ўлмас Йўлдошев.

Маълумот учун, 1999 йилда ташкил топган SamAvto заводи металлни бичишдан бошлаб то тайёр маҳсулотни синашгача бўлган бутун циклга эга йирик маҳаллий корхоналардан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқариш мажмуаси Германия, Италия ва Япониядан келтирилган дастгоҳлар билан жиҳозланган.

Аввалроқ Бишкек Ўзбекистондан газда ҳаракатланадиган камида 350 та автобус сотиб олиши тўғрисида хабар берилганди.