1 июнь куни Эйфель минорасидан каттароқ астероид Ер яқинидан учиб ўтади, деб ёзади ixbt.com. Американинг Аэронавтика ва коинотни тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) ушбу астероидни потенциал хавфли астероидлар сирасига киритмоқда, аммо у Ер яқинидан эсон-омон учиб ўтиши кутилмоқда.

Фото: Depositphotos

2021 КТ1 астероиди Ерга Тошкент вақти билан 1 июнь куни 19:24 да яқинлашади. Албатта, астероид ва Ер ўртасидаги масофа космик кўламга эга: 2021 КТ1 Ерга тахминан 7,2 миллион километр масофада яқин келиши кутилмоқда.

Бу Ер ва Ой ўртасидаги масофадан, тахминан, 19 марта каттароқдир. Шунга қарамай, бу астероиднинг анча яқин келиши ҳисобланади, у соатига 64 минг километр тезликда ҳаракатланади. Астероиднинг диаметри 150-330 метр бўлиб, бу тахминан учта футбол майдонига тенг.

Ерга яқин объектларни ўрганиш маркази эълон қилган баёнотда ерликлар автоҳалокатлар, касалликлар ва бошқа табиий офатларда шикастланиш эҳтимоли сайёрага яқин келаётган астероиддан жабр кўриши эҳтимолидан каттароқ экани айтилади. Астероиднинг Ерга тўқнашиши эҳтимоли кам, аммо у нолга тенг эмас.

Маълумот учун, Париждаги Эйфель минорасининг умумий баландлиги (учи билан қўшиб ҳисоблаганда) 325 метрни ташкил қилади.