Curiosity марсоходи «Қизил сайёра»нинг ёрқин нур сочаётган кумушранг ва садафсимон булутлари тасвирланган суратлар билан бўлишди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: NASA

NASA маълумотларига кўра, Марснинг юпқа атмосферасида булутлар жуда камдан кам ҳолларда шаклланади. Одатда бу экваторда, йилнинг энг совуқ вақтида содир бўлади.

«Муз кристалларга тўла юпқа қатламлар Қуёшдан тушаётган нурни ўзига ютмоқда. Уларнинг айримлари милтиллаб, турли рангларда товланяпти», — дея изоҳлайди мутахассислар.

Фото: NASA

Суратлар ажойиб кўринишига эга бўлибгина қолмай, NASA жамоасига Марсни тадқиқ этишда янги маълумотларни ҳам тақдим этади. Булутлар қандай баландликда шаклланишидан келиб чиқиб, олимлар унинг таркибини аниқлайди. Айрим булутлар сув музидан иборат бўлса, баъзилари музлаган карбонат ангидрид ёки қуруқ муздан таркиб топган.

Curiosity суратларнинг ҳам оқ-қора, ҳам рангли вариантларини тақдим этган. Уларнинг бирида бутларнинг тўлқинсимон шаклини кўриш мумкин.

Фото: NASA

Қуёш ботиши билан кузатилаётган мазкур булутларнинг муз кристаллари сўнаётган нурни акслантириб, уларни қоронғи осмонни ёритишга мажбур этмоқда. «Кумушсимон» ёки «тунда нур сочувчи» номи билан маълум булутлар кристаллар билан тўлиб, кейин Қуёш ўз ҳолатини пастга ўзгартирганда янада ёрқинлашади. Ушбу ёрқинлик орқали олимлар булутларнинг қандай баландликда жойлашганини аниқлайди.

Фото: NASA

Боулдер космик илм-фан институти олими Марк Леммон булутлардаги қизил, яшил, кўк ва алвон ранглардан ҳайратга тушган. «Марсда нур таратаётган кўплаб рангларни кўриш — бу ҳақиқатан ажойиб», — дейди у.

Аввалроқ NASA’нинг Mars Reconnaissance Orbiter зонди орбитадан туриб Марс юзасини яна бир бор суратга олганди.