Нигериянинг Нигер штатида қуролланган жангарилар мактабга ҳужум қилди ва 200 нафар ўқувчини ўғирлаб кетди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Фото: Global Look Press

Punch газетасининг маълумотларига кўра, 30 май кунининг ярмида жангарилар Тегина шаҳридаги мактабга ҳужум уюштирди. Бунинг оқибатида икки киши яраланди. Яраланганлардан бирининг ҳалок бўлгани, иккинчисининг эса оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Нигер штати ҳукумати ҳужум бўлганини тасдиқлади, лекин ўғирлаб кетилган болаларнинг сони аниқ эмаслигини айтди.

Нигерияда бу ҳолат ўқувчиларнинг ўғирлаб кетилиши бўйича биринчиси эмас. Жангарилар одатда улар эвазига пул талаб қилади.

ОАВ маълумотларига кўра, 2021 йилнинг бошидан буён Нигерияда, тахминан, 700 нафар ўқувчи ўғирлаб кетилди. Мамлакатнинг шимолида март ойидан буён 600 дан ортиқ мактаб ёпилди. Ҳукумат барча таълим муассасаларида хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Аввалроқ қуролланган жангарилар Нигериянинг Замфара штатида мактабга ҳужум уюштириб, 317 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берилди. Мактаб-интернатда, тахминан, 500 нафар ўқувчи қиз яшаган ва ўқиган. Уларнинг айримлари жангарилар қўлидан қочиб қутилган ва ётоқхонага қайтган, дейилади CNN манбаси берган ахборотда.

Ушбу воқеадан тўрт кун ўтиб ўқувчи қизлар қайтарилган. Болаларнинг қайтиши тўғрисида вилоят ҳукумати вакили Юсуф Идрис эълон қилган. Аммо у ўқувчи қизларнинг айнан қандай қутқарилгани ва улар учун тўлов тўлаш керакми ёки йўқлигини айтмаган. Қизларнинг барчаси соғ-саломат қайтиб келган.