10:10, 04.06.2021 // 16542

Хоразмда уч нафар қизни Дубайга фоҳишалик қилиш учун жўнатишга уринган шахслар қўлга олинди

ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда уч нафар қизни Дубайга фоҳишалик қилиш учун жўнатишга уринган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради «Xabar.uz».

Маълум қилинишича, Урганч шаҳрида яшовчи 35 ёшли В.С. ва унинг Қўшкўпир туманида истиқомат қилувчи 42 ёшли қариндоши С.В. хоразмлик 1998 йил туғилган К.З., 1998 йил туғилган Ж.О. ва 2000 йил туғилган Р.Х.нинг ишончига кириб, уларни фоҳишалик билан шуғулланиш учун Бирлашган Араб Амирликларга юборишни режалаштирган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида В.С. ҳамда С.В. қизларни Урганч шаҳридан Тошкент шаҳрига автомашинада жўнатаётган вақтида ушланган.

Аниқланишича, К.З., Ж.О. ва Р.Х. ўзларининг номига Тошкент—Дубай йўналиши бўйича сотиб олинган авиачипта ҳамда расмийлаштирилган виза харажатларини Дубай шаҳрида ишлаб, пул топганларидан сўнг тўлаб беришлари керак бўлган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида В.С. БААдаги жиноий алоқалари буюртмасига кўра, муқаддам бир нечта аёлларни фоҳишалик билан шуғуллантириш учун Дубай шаҳрига юборгани ҳам маълум бўлган.

Ҳозирда В.С. ва С.В.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 37 ёшли аёлни 1000 доллар эвазига Туркияга фоҳишалик учун сотган эркак ушлангани, Навоийда 3 ёшли фарзандини 60 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани, Навоийда фуқарони фоҳишаликка ёллаб, уни Қирғизистон орқали Туркияга жўнатмоқчи бўлган аёлга жиноят иши қўзғатилгани ҳамда Тошкент халқаро аэропортида фуқарони хорижга фоҳишалик қилиш учун жўнатаётган 20 ёшли қиз ва унинг шериги ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Энг кўп ўқилган

Қидирув