2021 йилда Apple иккита планшети — iPad ва iPad mini’нинг базавий моделларини янгилайди, 2022 йилда эса янги iPad Pro версиясини тақдим этади, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: Twitter / @wylsacom

Таъкидланишича, Купертинодаги компания шу орқали пандемия вақтида ўз планшетларига бўлган талабнинг ортишига ечим топмоқда. 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигида iPad савдоси 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 43 фоизга ошган.

Ўсиш 2021 йилнинг биринчи чорагида ҳам давом этган.

Инсайдерларнинг маълумотларига кўра, линейкадаги iPad mini сўнгги олти йил ичида биринчи бор ингичка ҳошияларга эга янгиланган дизайнга эга бўлади. Дисплей диагонали 7,9 дан 9 дюймга қадар ортади.

Шунингдек, базавий iPad планшетининг анча ингичка версиясини яратиш устида ишлар олиб борилмоқда — у талабалар орасида оммалашган iPad 10.2 моделининг ўрнини эгаллайди. Иккала янги қурилма ҳам 2021 йилнинг охирида тақдим этилади.

2022 йилда Apple магнитли симсиз MagSafe қувватлантиргичига эга биринчи iPad Pro’ни чиқаради. Планшет янги реверсив қувватлантириш функцияси билан жиҳозланиши мумкин. Бундан ташқари, iPad Pro дизайни ҳам муҳим ўзгаришга учрайди — унинг орқа панели олдингидек алюминийдан эмас, балки шишадан ишланади.

Таъкидланишича, янги iPad’ни яратиш ишлари ҳали бошланғич босқичда ва компания режалари ўзгариб кетиши мумкин.

Аввалроқ iPhone’да овқат истеъмолини назорат қиладиган функция пайдо бўлиши, Apple митти наушникларини тақдим этишга тайёрланаётгани тўғрисида хабар берилганди.