Илон Маск томонидан асос солинган электромобил ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси ресторан хизматлари соҳасида фаолият юритиш учта савдо белгисини рўйхатдан ўтказишга ариза топширди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Фото: Getty Images

27 май куни Tesla АҚШнинг Патентлар ва савдо белгилари бошқармасига аризаларни юборган. Улардан бирида «Tesla» сўзи нақшланган ҳарфлар билан ёзилган бўлиб, унда баъзи элементлар ликобчага ўхшатиб ишланган. Tesla’нинг яна бир логотипи қора рангдаги «Т» ҳарфи кўринишида тасвирланган. Учинчи ариза эса Tesla номи билан боғлиқ.

Bloomberg’нинг таъкидлашича, Маск аллақачон Калифорнияда ресторан очиш режасини маълум қилган. 2018 йилда тадбиркор Лос-Анжелесдаги янги Tesla Supercharger ёқилғи қуйиш шохобчасида эски русумдаги машиналар, роликли конкилар ва рок-мусиқа мухлислари учун ресторан очишни режалаштираётганини айтган эди. Tesla’нинг техник директори Жеффри Страубел компаниянинг аллақачон ўзининг қувватлантириш станцияларидаги дўконлар ва озиқ-овқат марказлари концепсияси бўйича ресторанлар билан иш олиб бораётганини маълум қилгач, Маск ижтимоий тармоқда ушбу янгилик билан бўлишган эди.

2021 йилнинг апрель ойида миллиардер ўзининг Twitter саҳифасида тез орада Калифорниянинг Санта-Моника шаҳрида 1950 йилларга хос кечки овқатларни ва энг яхши 100 та видеоклипларни тақдим этувчи янги Tesla Supercharger станциясининг очилиши ҳақида ёзди.

Аввалроқ SpaceX компанияси 2022 йилда Dogecoin криптовалютаси билан молиялаштирилган шартнома бўйича Ойга сунъий йўлдош учириши ҳақида хабар берилди.

Маълумот учун, Илон Маск карбонат ангидридни тежамкор равишда ёқилғига айлантириш йўлини топадиган ихтирочига 100 миллион доллар ваъда қилган эди. Маскнинг сўзларига кўра, вақт ўтиши билан соврин миқдори ошиши мумкин. У атмосферадан углерод ажратиб олиш технологияси ҳаводан ифлослантирувчи заҳарли газлар ажралиб чиқиш даражасини 2050 йилга қадар нолга етказишда жуда муҳим бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Январь ойида Илон Маск Марсда колония ташкил қилиш йўлида ўзининг барча давлатини сотиб юборишга тайёрлигини маълум қилганди. Бизнесменнинг айтишича, унинг Марсда шаҳар қуриш режаси анча катта маблағни талаб этади. Унинг сўзларига кўра, бу уни ўз бойлиги билан хайрлашишга ундовчи сабаблардан биридир. Яна бир сабаб сифатида Маск Марсда колония ташкил қилиш борасида қанчалик қатъий қарорга эга эканлигини бутун дунёга намойиш қилиш истагидалигини кўрсатди.

Шунингдек, Илон Маск Марсда мустақил фаолият юритадиган манзил қуришга 20 йил кетишини тахмин қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бундай манзил қуриш учун 1000 га яқин Starship кемаси ва камида 3 миллион тонна ресурс ва жиҳозлар керак бўлади.