АҚШнинг Юта штатидаги Уэст-Жордан шаҳрида тўрт ва тўққиз ёшли қизлар океанда дельфинлар билан сузишга бориш учун ота-онасининг Chevrolet Malibu’сини миниб қочди, деб хабар беради Motor.

Фото: ABC4 Utah

Уэст-Жордан шаҳрида тунги соат 03:00 ларда ноодатий йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган: Chevrolet Malibu седани Volvo юк машинасига бориб урилган. Юк машинаси ҳайдовчисининг чақириғи бўйича воқеа жойига етиб келган полиция патрули енгил автомобиль рулида тўққиз ёшли қизча, йўловчи ўриндиғида эса тўрт ёшли синглиси ўтирганидан ҳайратга тушган.

Авария оқибатида ҳеч кимга шикаст етмаган — машина яхшигина пачоқланганига қарамай, қизалоқлар хавфсизлик камарини таққан бўлган. Опа-сингил юк машинасига урилишдан олдин, яна бир автомобилни туртиб ўтишга улгурган. Аниқланишича, болалар ота-онаси ухлаб ётганида, яширинча машина калитини олиб, йўлга отланган.

Қизлар шунчаки тунги шаҳарни айланиш ниятида бўлмаган — улар Калифорния штатидаги Тинч океанигача бориб, у ерда дельфинлар билан сузиш борасидаги аниқ режа ишлаб чиққан. Шу билан бирга, уларни Уэст-Жордондан Калифорния қирғоқларига қадар бўлган масофа салкам 1250 километр экани қизиқтирмаган ҳам. Натижада тунгги сафар 16 километргина давом этган. Бу вақтда ухлаб ётган опа-сингилнинг ота-онаси яқинда Калифорнияга бориш ҳақида гаплашишганини тан олган.

Аввалроқ америкалик 11 ёшли ўқувчи мактаб автобусини ҳайдаб қочгани ва полициячилар уни ярим соат қувлагани, 5 ёшли бола ота-онасининг машинасини ҳайдаб чиқиб, ўзига Lamborghini харид қилишга йўл олгани, Lamborghini олиш учун ота-онасининг машинасини ҳайдаб кўчага чиққан 5 ёшли болани суперкарда сайр қилдиришгани тўғрисида хабар берилганди.