Коронавирус инфекцияси Гийен-Барре синдромининг ривожланишига олиб келиши мумкин. Ушбу синдромда инсон иммунитети ўзининг периферик асабларига ҳужум қилади. Бу ҳақда Бирмингем университети олимларининг ишларига асосланиб EurekAlert! хабар берди.

Фото: Getty Images

Гийен-Барре синдроми мушакларнинг ҳаракатини бошқарувчи ёки оғриқни, ҳароратни ва тегиниш ҳиссиётларини узатувчи асабларга таъсир қилиши мумкин. Бу мушакларнинг заифлашишига ва оёқ-қўлларнинг увушиб қолишига олиб келиши мумкин.

Тадқиқот муаллифларидан бири Алекс Рихтнернинг таъкидлашича, коронавирусдан тузалиш мобайнида организм томонидан ишлаб чиқариладиган антитаналар юрак, мушаклар ва терининг аутоиммун касалликларини келтириб чиқарадиган антитаналарга ўхшаш.

«Ушбу аутоантитаналар ҳақиқатан ҳам беморларда симптомларни келтириб чиқарадими ёки бу кўплаб инфекцияларнинг одатий натижасими ёки бўлмаса, фақат коронавирусдан кейин характерли бўладими, буни ҳали билмаймиз», — деди олим.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) веб-сайтидаги маълумотларга кўра, Гийен-Барре синдроми кўпинча бактериал ёки вирусли инфекциядан кейин юзага келади; эмлаш ёки жарроҳлик унинг ривожланишига туртки бўлиб хизмат қилиши мумкин. Синдромлар одатда бир неча ҳафта давом этади ва беморларнинг аксарияти унча узоқ бўлмаган муддатда оғир неврологик асоратларсиз тузалади.

Оғир ҳолатларда Гийен-Барре синдроми нутқ ва ютиниш қобилиятини сусайтириши мумкин. Синдром ҳар қандай ёшдаги одамларга таъсир қилиши мумкин, аммо у кўпинча катталар ва эркакларда учрайди.