Калифорниядаги Диснейлендда робот-каскадёр биринчи бор оммага ўз трюкларини намойиш этди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: People

Кўнгилочар боғда «Қасоскорлар» киноолами қаҳрамонларига бағишланган кампус очилди. Расмий очилиш маросимида ташриф буюрувчилар «Ўргимчак-одам»нинг чиқишини томоша қилган. У боғнинг ушбу бўлимидаги асосий қаҳрамонлардан ҳисобланади.

Ҳаводаги, шунингдек, қотирилган тросдаги трюкларни инсон эмас, балки роботлаштирилган механизм амалга оширади. У шоунинг энг хавфли саҳналарида костюмдаги актёрни алмаштиради. Бу каби чиқишларни ўз кўзи билан кўрган томошабинларнинг айтишича, ҳаракатлар ҳақиқатга жуда ҳам яқинлаштирилган ҳолда амалга оширилган ва роботни ҳақиқий инсондан ажратиш қийин.

Disney компанияси ўзининг каскадёр-роботини бир неча йил олдин тақдим этганди. Ўшанда у костюмсиз ва қисман инсон каби кўринишда бўлган.

Stickman робот-акробатида парвоз вақтида тана билан нимани амалга ошириш кераклиги борасида қарор қабул қилишга ёрдам берадиган датчиклар жамланмаси бор. Хусусан, ундаги бир нечта далномерлар ёрдамида баландлик ўлчанади, шунингдек, акселерометр ва гироскоплар парвоз вақти кенг маконда мўлжални олишга ёрдам беради. Олинган маълумотлар роботга идеал қўнишни амалга оширишда қандай бурилиш кераклиги борасида хулоса чиқаришга кўмаклашади.

Мазкур технология кўнгилочар боғлардаги аттракционлар учун яратилганига қарамай, келажакда робот-каскадёрдан кино соҳасидаги хавфли саҳналарни суратга олишда фойдаланиш режаси бор.