Anonymous хакерлар гуруҳи Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маскка унинг биткоинга таъсири сабаб уруш эълон қилди, деб хабар беради Esquire.

Фото: Legion Media

«Сўнгги бир неча йил ичида кўпчилигимиз сизнинг электромобиллар ва космосни забт этиладиган дунёда яшаш борасидаги хоҳишингиз туфайли миллиардерлар орасида энг кўп даромадга эга бўлдингиз. Охирги вақтларда одамлар сизни эътиборталаб рамзий бой инсон сифатида кўрмоқда», — дейди Гай Фокс ниқоби остида мурожаат қилган хакер.

Хакерларнинг таъкидлашича, одамлар таваккал қилиб криптовалютага пул тикмоқда ва кўпчилик фойда кўриш илинжида, аммо Маскнинг ушбу ҳафтадаги твитлари «ўрта статистик ишлайдиган инсонни умуман менсимаслигини намоён этмоқда».

«Меҳнаткаш инсонларнинг орзулари сизнинг омммавий ваҳимангиз сабаб яксон бўлаётган бир пайтда кошоналарингиздан бирида ўтириб, мемлар орқали уларнинг устидан куляпсиз. Ўзингизни энг ақлли инсон деб ҳисоблашингиз мумкин, бироқ энди тенгингизни топдингиз. Биз — Anonymous. Биз — легион. Кутин», — дейилади мурожаатда.

Шунингдек, хакерлар Маскнинг жаҳон экологиясини яхшилаш борасидаги уринишлари самимий эканига шубҳа билдирган, чунки криптовалюта майнинг қилиш углеродларни ҳавога чиқаришга боғлиқ вазиятни яхшиламайди. Anonymous’нинг фикрича, Маск «иккала тарафда ҳам ўйнашга уринмоқда».

«Барчасидан келиб чиқиладиган бўлса, дунёни қутқариш борасидаги уринишингиз инсоният ҳақиқа ҳақиқатда қайғуриш эмас, балки қутқарувчининг комплекслари билан боғлиқ», — дея қайд этади хакерлар.

Маскнинг твитлари криптовалюталар котировкасига таъсир кўрсатмоқда. Унинг Dogecoin ҳақида ёзгани мазкур криптовалюта нархининг ошишига олиб келган.

Эслатиб ўтамиз, 9 май куни тадбиркор NBC телеканалининг Saturday Night Live кўрсатувида бошловчи сифатида чиқиш қилди ва эфирда Аспергер синдромидан азият чекишини тан олган, ўзининг бизнес режалари ва ғояларидан кулган, шунингдек, ўзи бир неча маротаба гапирган Dogecoin криптовалютасини фирибгарлик деб атаган эди.

Шундан кейин Маск Tesla’нинг электромобилларга тўлов тариқасида биткоин қабул қилишни тўхтатаётганини, шунингдек, ўзининг криптоактивлари билан ҳеч қандай операцияларни амалга оширмаслигини маълум қилди. Миллиардер бу қарорини биткоин майнинги учун қазиб олинадиган энергия манбасидан фойдаланилаётгани, улар эса иссиқхона чиқиндиларининг пайдо бўлишига олиб келишидан хавотирда экани билан изоҳлади.

Шундан кейин криптобиржада биткоинннинг нархи кескин пасая бошлади. Маскнинг баёноти фонида Tesla акциялари ҳам 15 фоизга арзонлашди. Бунинг натижасида компаниянинг 21 фоиз улушига эгалик қилувчи Маск бир ҳафта ичида 20 миллиард доллар йўқотди.