BBC нашрининг сайтида автотураргоҳдаги битта жой учун рекорд дажарада маблағ тўланганига оид маълумот эълон қилинди. У Гонконгда жойлашган бўлиб, транспорт воситасини Mount Nicholson турар жой комплекси ҳудудида қолдириш учун номаълум харидор 1,3 миллион доллар тўлаган, деб хабар беради Motor.

Фото: Twitter / @LWK&Partners

Гонконг ўзининг юқори даражадаги турмуш тарзи, шунингдек, аҳоли зич жойлашган туманлари билан машҳур. Минтақадаги аҳолининг зичлиги ҳар бир квадрат километр учун салкам 7000 кишини ташкил этади. Шу сабабли маҳаллий турар жой масканлар, автотураргоҳлар нархи ақл бовар қилмас қийматга кўтарилади.

Автотураргоҳдаги энг қиммат жой борасидаги янги рекордни Осиёдаги энг қиммат турар жой комплекларидан бири ҳисобланувчи Mount Nicholson ҳудудида жойлашган тураргоҳ ўрнатди. У ердаги автомобиль қўйиладиган жой 1,3 миллион долларга сотилган.

Мутахассисларнинг фикрича, номаълум харидор ушбу автотураргоҳдаги жойини инвестиция сифатида сотиб олган. Чунки яқинда ушбу ҳудудда кўчмас мулк нархи борасида рекорд ўрнатилган эди. Битта хонадоннинг ижара ҳақи бир ой учун 210 минг долларни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Жонни Чунг Шан-И исмли инвестор Гонконг марказидаги The Center офис биносининг 73-қаватида жойлашган автотураргоҳни 960 минг долларга сотган эди. Машина учун мўлжалланган жойнинг майдони — 12,5 квадрат метр.