Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси 1 июнь ҳолати бўйича 35,5 миллиард долларни ташкил этди, деб ёзмоқда Spot. Марказий банк маълумотларига кўра, бу май ойидаги захирадан 1,4 миллиард долларга кўп.

Фото: Reuters

Бунга асосий омил олтин қийматининг кўтарилишидир. Май ойида олтин арзонлашдан тўхтаган ва унциясининг нархи 1900 долларгача кўтарилганди. Таққослаш учун, апрель ойида унцияси 1750 доллар атрофида бўлган (айни пайтда унинг нархи 1887 долларни ташкил этмоқда). Захирадаги хорижий валюта эса 0,5 миллиард долларга камайган.

Олтин-валюта захиралари мамлакат учун «ҳимоя ёстиқчаси» ҳисобланади. Ўзбекистоннинг амалдаги захиралари 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли.

Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан, яъни уч ойдан анча кўп.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий банки нархлар кўтарилгач олтин экспортини давом эттиришини билдирганди. Май ойида олтин нархи кўтарилгани, аммо Ўзбекистон уни яна сотишни бошлаши учун етарли даражада эмаслиги маълум қилинганди.