Tesla компанияси Модель S Plaid Plus электромобилини ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бу ҳақда Илон Маск ўзининг Twitter’даги саҳифасига ёзиб қолдирган.

Фото: Legion Media

«Plaid + ўз мавжудлигини якунлади. Plaid шундоқ ҳам яхшилиги сабаб унга зарурат йўқ», — деб ёзади тадбиркор.

Шу билан бирга, Илон Маск кейинги твитида Модель S Plaid Plus энг тезкор серияли автомобилга айланган бўлиши мумкинлигини қайд этган.

«Соатига 0 дан 60 мил тезликка 2 сониядан камроқ вақт талаб этилади. Барча турдаги серияли автомобиллар орасида энг тезкори. Бунга ишониш учун уни ҳис қилиш керак эди», — дейди Маск.

Модель S Plaid Plus савдоси май охирида тўхтатилган эди. Ишлаб чиқариш аввал бошида 2021 йилга мўлжалланган, кейинроқ 2022 йилга кўчирилган эди, энди эса бутунлай тўхтатиб қўйилди. Машина компаниянинг энг қиммат машинасига айланиши мумкин эди, Модель S Plaid’нинг базавий версияси 2013 йилдан буён ишлаб чиқарилаётган Модель S ўрнини эгаллаши керак.

Модель S Plaid Plus’га 1100 от кучига эга электромотор ўрнатилган бўлиб, машина бир марта қувватланиш орқали 837 километр йўл боса олади.