Самарқанд вилояти Ургут туманида отасининг машинасини рухсат сўрамасдан миниб чиққан йигит аварияга учради, деб хабар беради вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, 30 май куни Ургут тумани «Баҳрин» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М39 йўлининг 1112-километрида 19 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia қарама-қарши йўналиш бўйлаб келаётган бошқа бир Nexia билан тўқнашув содир этган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Nexia ичидаги йўловчи оғир тан жароҳатларини олиб, воқеа жойида вафот этган.

«Шерикларим билан тоққа дам олгани чиқиш мақсадида уйдагилардан машинани сўроқсиз олиб чиққандим. Тезликни оширганим учун қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, машинага урилдим. Тушиб, ёнимдаги одамга ёрдам бермоқчи эдим, афсуски у ҳаётдан кўз юмди», — дейди Nexia ҳайдовчиси.

Таъкидланишича, марҳум йўловчининг уч нафар фарзанди етим қолган.

Аввалроқ Ургутда радиаторига сув қуйиш учун тушган ҳайдовчининг «Газель»и жарликка тушиб кетгани, Қаршида бетон тўсиқдан «сакраган» «Жигули» қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Nexia’га урилдгани, Самарқандда Lacetti билан тўқнашган «Жигули» ҳайдовчиси вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.