9 июнь куни тахминан соат 04:35 ларда Самарқанд шаҳридаги газ заправкада турган Nexia’нинг газ баллони портлаб кетди. Бу ҳақда вилояти ФВБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ФВБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, шаҳарнинг Мирзо Бедил кўчасида жойлашган «Ишон Стандарт» МЧЖ АСГҚШда фуқаро М.У. бошқарувидаги 2002 йилда ишлаб чиқарилган Nexia русумли автоуловга ўрнатилган сиқилган газ баллоннинг ёрилиши билан боғлиқ портлаш содир бўлган.

Портлаш оқибатида автомобиль ва шохобчанинг газ тақсимлаш айвонини тунукали шифт қисми зарарланган.

Фото: Самарқанд вилояти ФВБ ахборот хизмати

Ушбу ҳодиса оқибатида ёнғин содир бўлмаган ва тан жароҳати олганлар йўқ.

Аввалроқ Қашқадарёда ҳаракатланаётган Nexia’нинг газ баллони портлаши оқибати икки киши ҳалок бўлгани, Фарғонадаги заправкада «Жигули»нинг газ баллони портлаши оқибатида машина ҳайдовчиси ва яна бир киши тан жароҳати олгани ҳақида хабар берилган эди.