Қарши шаҳрида светофорнинг қизил чироғига амал қилмаган Damas Nexia билан тўқнашиб, йўлнинг қарама-қарши томонида светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган Lacetti’га зарар етказди. Бу ҳақда «Дарё»га Қарши шаҳар ИИБ ЙҲХБ инспектори Аҳрор Усмонов хабар берди.

Маълум бўлишича, 9 июнь куни соат 05:00 да Ислом Каримов ва Насаф кўчаси кесишган чорраҳада ҳайдовчи Нурбек Турсунов бошқарувидаги Damas «Ватанпарвар боғи» йўналишида ҳаракатланиб келиб, светофорнинг қизил чироғида ҳам ҳаракатини давом эттирган ва Насаф кўчасидан «Қарши» чойхонаси йўналишида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Лазиз Муфтиллаев бошқарувидаги Nexia билан тўқнашган.

Шундан сўнг бошқарувни йўқотган Damas қарама-қарши йўналишда светофорнинг қизил ишорасида тўхтаб турган ҳайдовчи Нурбек Тоиров бошқарувидаги Lacetti‘га зарар етказган.

«Мазкур ҳолат бўйича тан жароҳати олганлар йўқ. ЙТҲ юзасидан Қарши шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейди Аҳрор Усмонов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу чорраҳада тезликка риоя қилмаган «Жигули» ҳайдовчиси бетон тўсиқдан «сакраб ўтиб», қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Nexia’га урилгани ва оқибатда ҳайдовчи вафот этгани ҳақида хабар берилганди.