Жо Байден маъмурияти 500 миллион дозада Pfizer / BioNTech коронавирусга қарши икки компонентли вакцинасини сотиб олиб, бир йил давомида кам ва ўрта даромадли 92 давлатга юборади. Бу ҳақда Оқ уй веб-сайтига таяниб Meduza хабар берди.

Фото: Reuters

Жо Байден ривожланаётган мамлакатларга вакцина юбориш ҳақида 10 июнь куни ўзининг Европага сафари давомида эълон қилди.

Қайд этилишича, вакциналар август ойидан етказиб берилишни бошлайди, 2021 йил охирига қадар 200 миллион, 2022 йил июнгача яна 300 миллион дозани юбориш режалаштирилган.

Вакциналар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қошида ташкил этилган COVAX дастури орқали етказиб берилади. Маълумот учун, COVAX дастурида 170 мамлакат иштирок этади. Дастур доирасида ўрта ва юқори даромадли мамлакатлар вакцина сотиб олишга қурби етмайдиган 92 та давлат учун зарур дори воситалари пулини тўлаб беради. Вакцинани қабул қилувчи мамлакатлардан фақат қисман тўлов (15 фоиз) талаб қилинади.

«АҚШ расмийлари Pfizer билан вакциналарни ошкор қилинмаган ‘нотижорий’ нархда сотиб олишга келишиб олди», — дея хабар бермоқда The New York Times ва The Washington Post ўз манбаларига таяниб.

Аввалроқ АҚШ ҳукумати Pfizer билан 300 миллион дозада вакцинани мамлакат ичида тарқатиш учун сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолаган эди. NYT таъкидлашича, қайд этилган 500 миллион доза вакцина унга қўшимча равишда сотиб олинади.

The New York Times газетасининг ёзишича, АҚШ ваъда қилган 500 миллион доза вакцина дунё аҳолисини эмлаш учун зарур бўлган 11 миллиард дозадан анча кам. Африканинг бир қатор мамлакатларида аҳолининг 1 фоиздан камроғи, АҚШ ва Буюк Британияда эса аҳолининг, тахминан, ярми эмланган, дея қайд этади газета.

Bloomberg маълумотларига кўра, дунёнинг 178 мамлакатида 2,23 миллиарддан ортиқ дозадаги вакциналар қўлланилган — бу дунё аҳолисининг 14,5 фоизини тўлиқ эмлаш учун етарли.