Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ҳукумати бирйўла ўн нафар фарзандни дунёга келтирган аёлни топишга уринмоқда, аммо қидирув ишлари ҳозирча натижа бермаяпти, деб ёзади  The South African.

Фото: African News Agency

Рекордни янгилаган онанинг ҳикояси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалди, аммо 9 июнь ҳолатига кўра аёлнинг ўзи ҳам, унинг болалари ҳам топилгани йўқ.

«Ҳукумат ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жанубий африкалик аёл 10 нафар фарзандни дунёга келтиргани ва дунё рекордини янгилагани ҳақидаги хабарларга эътибор қаратди. Чақалоқларни Гаутенг провинциясида яшовчи Гозиам Тамара Ситхол исмли аёл дунёга келтиргани айтилмоқда. Ҳукумат мамлакат тиббиёт муассасаларида бундай туғилиш содир бўлганини тасдиқлай олмайди», — деди ҳукуматнинг жамоатчилик билан алоқалар хизмати раҳбари Фумла Уильямс.

Қайд этилишича, ота-оналар маданият ва анъаналар нуқтаи назаридан ўзларини ошкор қилишни хоҳламаётган бўлиши мумкин. Оилани қидириш ишлари давом этмоқда.

8 июнь куни кечқурун 37 ёшли Гозиам Тамара Ситхол Претория касалхонасида кесарча кесиш йўли билан бирйўла ўнта фарзанд дунёга келтиргани ҳақида хабар тарқалди. Ситхолнинг эри Тебохо Сотези Pretoriа News’га берган интервьюсида чақалоқлар ҳомиладорликнинг 29-ҳафтасида туғилганини айтган.

«Улар етти ўғил ва уч қиз. Рафиқам етти ой-у етти кунлик ҳомиладор эди. Менинг қувончим чексиз», — деган болаларнинг отаси.

Чакана савдо тармоғида менежер бўлиб ишлайдиган Ситхолнинг шундоқ ҳам олти ёшли эгизак фарзандлари бор. Йил бошида шифокорлар унга олтита фарзанд кутаётганини айтганда Ситхол уларга ишонмаган. Кейинчалик скрининг натижасида Ситхол саккизта фарзанд кутаётгани аниқланган.

«Мен бунга ишонмадим. Улар икки ёки уч нафар эгизак эканига амин эдим, холос. Ҳатто расмларни кўрганимда ҳам ишониш қийин эди. Аммо вақт ўтиши билан бу ҳақиқат эканини англадим. Кечалари ухлолмасдим», — деди Ситхолнинг ўзи журналистларга.

Сефако Макгато номидаги соғлиқни сақлаш фанлари университети тиббиёт факультети раҳбарининг ўринбосари, профессор Дини Мавела бу жуда кам учрайдиган ҳолат эканини айтди.

«Бу мутлақо ноёб ҳолат. Шу билан бирга, ўта хавфли бўлган қийин вазият. Хавф шундаки, бачадонда чақалоқлар учун етарли жой бўлмаганидан уларнинг жуссаси жуда кичик бўлиши мумкин. Чақалоқлар қоринда узоқроқ турса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади. Натижада болалар эрта туғилади, тирик қолиш эҳтимоли пасаяди. Аммо ҳаммаси Ситхол уларни қанча вақт қорнида кўтариб юрганига боғлиқ», — дейди Мавела.

Болалар кейинги бир неча ойни инкубаторда ўтказишини қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, май ойининг бошида Африканинг Мали давлатида яшовчи аёл бирйўла тўққизта фарзанд дунёга келтирган эди.

2020 йилнинг май ойида Францияда 30 йил ичида илк бора олти эгизак: беш қиз ва бир нафар ўғил бола дунёга келган эди. Ундан аввал  Польшада биринчи марта олти эгизак дунёга келган. Эгизаклар — тўрт қиз ва икки ўғил 20 май куни Краков университети касалхонасида туғилганди.