Марказий банк бошқаруви 10 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз, йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, мазкур қарор базавий инфляция даражаси пасаювчи трендга ўтган бўлса-да, айрим товар гуруҳлари бўйича нархлар ўсиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётганлиги, мамлакатда иқтисодий ва инвестицион фаолликнинг юқори суръатда тикланаётганлиги шароитида йил якунига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Марказий банк бошқаруви бундан аввал, 22 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳам асосий ставкани ўзгаришсиз, йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолганди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил бошида йиллик ставка 14 фоиз этиб тасдиқлаганди. 2019 йилда ушбу ставка 16 фоизгача кўтарилганди. 2020 йил март ойида ҳам базавий ставка ўзгаришсиз қолдирилиб, 16 фоиз деб белгиланганди.

Марказий банк бошқарувининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан асосий ставка 1 фоизга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланган эди. Июнь ойида эса Марказий банк асосий ставкани пасайтириши ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ 11 июнь куни асосий ставка бўйича қарор қабул қилинган ва у 15 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилганди.

2020 йил 10 сентябрь куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, 14 фоиз этиб белгилади. Шундан буён асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилмоқда.