Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирусни юқтириб олганлар сони 174 437 839 кишини ташкил қилмоқда, шуларнинг 3 758 421 нафари вирус қурбонига айланган. Касалланиш ҳолатларининг кўплиги бўйича АҚШ (33,4 миллион), Ҳиндистон (29,1 миллион), Бразилия (17,1 миллион), Франция (5,7 миллион) ва Туркия (5,3 миллион) етакчилик қилмоқда.

Кучли ёмғирдан кейин Мумбайнинг баъзи туманлари сув остида қолди

Фото: AP Photo

Москвада эпидемиологик вазият оғирлашди

10 июнь ҳолатига ўтган бир кеча-кундузда Москвада 5245 кишида коронавирус аниқланди. Сўнгги марта 5 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати 15 январда қайд этилган, ўшанда 5534 кишида вирус аниқланган эди.

Бутун Россия бўйича эса бир кунда 11 699 киши COVID-19’ни юқтириб олди, бу 24 февралдан буён (ўшанда 11 749 киши эди) кузатилган энг юқори кўрсаткичдир. 11 мингтадан ортиқ ҳолат эса 6 мартдан буён биринчи марта қайд этилди.

Москвада эпидемиологик вазият оғирлашиши туфайли жамоат жойларида, шу жумладан, ерусти транспорти ва метрода, савдо марказларида, кафе, ёзги верандалар ва тунги клубларда ниқоб ва қўлқоп кийиш устидан назорат кучайтирилади. Санитария қоидаларини бузганлик учун фуқаролар жаримага тортилади.

Москва мери Сергей Собянин шаҳарда «касалликнинг янги авж нуқтаси»га чиқилаётганини айтди, вазият эса мураккаб бўлиб қолмоқда. Москва касалхоналарида 10 мингга яқин COVID-бемор қолмоқда. «Шунга қарамай, ҳеч қанақа локдаун жорий қилмоқчимасмиз», — деди мер.

Африкаликлар коронавирусга қарши вакцина ўрнига сув билан эмланган

Кения давлат касалхоналаридаги тиббиёт ходимлари маҳаллий аҳолини COVID-19’га қарши вакцина ўрнига оддий сув билан эмлаган.

COVAX глобал дастури орқали қўллаб-қувватланаётган Африка давлатининг вакцина стратегиясига мувофиқ, аҳоли AstraZeneca вакцинаси билан бепул эмланиш ҳуқуқига эга. Вакцина олиш жараёни давлат томонидан тасдиқланган махсус тиббий марказларда бўлиб ўтмоқда.

Аммо дори етишмаслиги сабабли баъзи шифокорлар кенияликлардан вакцина учун пул олиб, сўнг уларни сув билан эмлай бошлаган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мутахи Кагве фуқароларни вакцинация учун пул тўламасдан, бепул дориларни кутишга чақирди.

«Мен мамлакатни ва кенияликларни вакцина бепул экани ҳақида огоҳлантирмоқчиман, ҳеч ким бунинг эвазига сиздан пул олмаслиги керак. Бу ноқонуний ҳисобланади. Катта эҳтимол билан улар сизни вакцина билан эмас, сув билан эмламоқда», — деди вазир.

Ҳукумат бундай ҳолатлар юзасидан суриштирув бошлади ва жиноят иши қўзғади.

Ҳиндистонда кунлик COVID-ўлимлар сони бўйича рекорд янгиланди

Ўтган бир кеча-кундузда Ҳиндистонда 6148 киши COVID-19 оқибатида вафот этди. Бу янги антирекорд ҳисобланади.

Айни вақтда мамлакатда касалланганлар сони кетма-кет уч кундан буён кунига 100 минг кишидан ошмаяпти — ўтган бир суткада 94 мингдан ортиқ одамда вирус аниқланди. Шунингдек, икки ҳафтадан буён кунлик касалланиш ҳолатларининг сони 200 мингдан юқорига чиқмаяпти, бу коронавируснинг иккинчи тўлқини пасаяётганидан дарак беради.

Ҳиндистонда вакцина олганлар сони ҳам ўсиб бормоқда — 242 миллион киши ёки жами аҳолининг 17,4 фоизи камида битта доза билан эмланган бўлса, тўлиқ эмланганлар сони 46,5 миллиондан ошади.

Шунингдек:

  • Кипрда карантин режими сезиларли даражада юмшатилмоқда, хусусан, комендантлик соати бекор қилиниб, тунги клублар очилади. Комендантлик соати мамлакатда етти ой, тунги клубларга тақиқ эса 15 ой давомида узлуксиз амал қилиб келган эди.
  • Эстонияда 10 июндан умумевропа электрон COVID-сертификатлар жорий қилинмоқда. 1 июлдан ўзаро тан олиш тизими тўлиқ ҳажмда ишга тушгач, гувоҳномалар Евроиттифоқ ҳудудида эркин кўчиб юриш имконини беради.