1942 йил 7 июнь Ливия пойтахти Триполи шаҳри яқинида бадавий оиласида ўғил фарзанд дунёга келади. Бу йигит кейинчалик нафақат юрти, балки бутун Африка тарихида катта из қолдирди. «Дарё» Ливия лидери Муаммар Каддафи ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилади.

Ёшлик йиллари

Муаммар Каддафи 1942 йил 7 июнь куни Ливиянинг Сирт шаҳри яқинидаги Қасри Абу-Ҳодий қишлоғида, араблашган бадавий барбар оиласида дунёга келади. Муаммар олтинчи фарзанд бўлиб, оиладаги ягона ўғил эди. Унинг отаси кўчманчи чорвачилик билан шуғулланган. Тўққиз ёшида мактабга қатнашни бошлаган Муаммар кейинчалик мактабни уч бор ўзгартирди. Сабаби унинг оиласи кўчманчи ҳаёт тарзида яшарди ва серҳосил жойларни топиш учун тез-тез кўчиб туришарди. Болалигидан қийинчилик билан ўсган Каддафи кечқурунлари масжидда ухлар, дам олиш кунлари 30 километр узоқликдаги оиласи ёнига пиёда қайтарди.

Ёш Каддафи ўша даврдаги Миср президенти Жамол Абдул Носирнинг мухлиси эди. У 1956 йилда Сувайш инқирози пайтида Исроилга қарши намойишларда қатнашди, 1959 йил Себҳада ташкил қилинган яширин ташкилот фаолларидан бири бўлди. 1962 йилда Бенғози университетининг тарих факультетини тугатди.

Каддафи мактаб давриданоқ Италия мустамлакачилигига қарши ҳаракат қилувчи яширин ташкилотларга аъзо бўлиб юради, 1961 йил эса ўзи ҳам монархияга қарши курашувчи кичик ташкилот тузади.

1965 йилда Каддафи Бенғозидаги ҳарбий коллежни битиради ва лейтенант унвонига эга бўлади. Кейинчалик Буюк Британияда қайта тайёрлашдан ўтган Муаммар шу ерда капитан унвонига кўтарилади. Ливиядаги инқилобга қадар у муҳандислик қўшинларида хизмат қилди.

Ёш Муаммар Каддафий

Фото: Google Images

Сиёсий фаолиятнинг бошланиши

Ливияда монархияга қарши тўнтаришга тайёргарлик 1964 йилда бошланади. Шу йили Каддафи бошчилигида «Озод социалист офицерлар иттифоқи» ҳарбий ташкилоти тузилади. Ташкилотга курсантлар пухта саралаб олинади, бунда уларнинг характери ва монархияга қарши кайфияти ўрганиб чиқилади.

1969 йилда инқилоб бошланади. Турли сабабларга кўра инқилобни ўтказиш санаси уч марта ўзгартирилади ва ниҳоят 1 сентябрь куни белгиланади. Ҳарбийлар тез орада Триполи, Бенғози ва бошқа йирик шаҳарларда оммавий митинглар ўзказиб, уларни ўз қўлига олади. Шу куни бутун Ливия аҳолиси жонли эфир орқали Каддафининг «шафқатсиз ва маданиятсиз режим қулагани» ҳақидаги нутқини эшитади.

Монархия тугатилади, ҳокимият Инқилобий қўмондонлик кенгаши қўлига ўтади. Мамлакат номи Ливия Араб Республикаси деб ўзгартирилади. Муаммар Каддафи полковник унвонини олади ва қуролли кучлар бош қўмондони этиб тайинланади.

1970 йилдаёқ Каддафи Инқилобий қўмондонлик кенгаши раислигига сайланади. Шу билан бирга у Ливия бош вазири ва мудофаа вазири лавозимларини ҳам эгаллади. Янги ҳукумат томонидан қабул қилинган дастлабки қарор бу йил тақвимни ўзгартириш бўлди. Йил ҳисоби ҳижрий тақвимга ўзказилди, ойлар номи ҳам алмаштирилди. Шунингдек мамлакат ҳудудидан бошқа давлатлар ҳарбий базаларини чиқариб юбориш, чет эл банклари ва италияликларга тегишли ерларни миллийлаштириш ҳақида ҳам қарор қабул қилинди.

7 октябрь куни йигирма мингдан ортиқ италялик Ливиядан ҳайдаб чиқарилади ва уларнинг мол-мулки мусодара қилинади. Бу кун мамлакатда «Қасос куни» деб эълон қилинади.

1971 йилдан монархия давридаги қонунчиликни бутунлай ўзгартириш бошланади, барча қонунлар исломий шариат қоидаларига мослаштирилиб, давлатда қимор ва алкаголли ичимликлар бутунлай тақиқланади. Шунингдек инқилобга ва янги ҳукуматга қарши мухолифатни «тозалаш» бошланади.

1979 йилга келиб мамлакатда шариат қонунлари тўла ўрнатилади.

Каддафи ўзининг сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий қарашларини дунёда ҳукмрон икки ғояга қарши шакллантира бошлади. Унинг «Яшил китоби»да ёритилган «Учинчи дунё назарияси» ғояси ислом аҳкомлари, рус анархистлари А.Куропаткин ва М.Бакунин ғоялари қоришмасидан ташкил топган эди.

Муаммар Каддафий ва Ҳаддам Ҳусайн

Фото: Google Images

Китобинг биринчи қисми 1977 йилда эълон қилиниб, унда мамлакат учун янги бошқарув шакли — Жамахария (арабча «омма бошқаруви») ижтимоий тузилиши тавсифланган.

Шу йилиёқ Олий халқ комитети, котибият ва бюро каби янги ҳокимият тузилмалари ташкил этилади. Ҳукумат тарқатиб юборилади ва Каддафи бош котиб этиб тайинланади. Икки йилдан сўнг бу ўрнини профессионалларга бўшатган бўлса-да, эндиликда у Ливия инқилобининг етакчиси дея атала бошланади.

Ташқи сиёсат

Каддафи ҳукуматни ўз қўлига олгач, панараб сиёсатини юргизади. У Ливияни бошқа араб давлатлари билан бирлаштирмоқчи эди. Хусусан 1969 йил 27 декабрь куни Ливия пойтахти Триполида Миср президенти Жамол Абдул Носир, Судан бош вазири Жафар Нимейри ва Каддафи учрашуви ўтказилиб, уч давлатни бирлаштиришни назарда тутувчи «Триполи хартияси» имзоланади. Кейинги йил 8 ноябрда Миср, Судан ва Ливияни ўз ичига олувчи Араб Республикалари Федерацияси ташкил топгани ҳақидаги «Қоҳира декларацияси» қабул қилинади. Шу йили Каддафи Тунисга икки мамлакатни бирлаштиришни таклиф қилади, аммо президент Ҳабиб Бурғиба бу таклифни рад этади.

1972 йилда у мусулмон давлатларини Фаластинни озод қилиш учун АҚШ ва Буюк Британияга қарши курашишга чақиради.

АҚШ билан анча илиқ алоқаларни йўлга қўйган Миср, СССР билан сиёсий иттифоқчига айланган Ливияни ўз ички ишларига аралашишда айблай бошлади. Ўз навбатида Миср президенти Анвар Садатнинг Исроил билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйиши кўплаб араб давлатлари қатори Ливиянинг ҳам норозилигига сабаб бўлади.

Муаммар Каддафий

Фото: «Britannica.com»

1976 йил Миср, ундан кейин Судан ва Тунис Ливияни ўзларнинг ички ишларига аралашишда айблади. Август ойида Миср қўшини Ливия чегарасида тўплана бошлади.

1977 йилда Каддафи Ливиядаги 220 мингдан ортиқ мисрликларга мамлакатдан чиқиб кетишни, акс ҳолда қамоққа олинишини билдиради. Шу йилнинг 20 июль куни Ливия қўшинлари Мисрга артиллерия ҳужумини уюштиради. Кейинги куни Миср қўшинлари Ливияга бостириб киради, тўрт кунлик жанг давомида ҳарбий ҳаракатларда самолёт ва танклар қатнашади.

Жазоир ва Фаластинни озод қилиш ташкилоти воситачилиги натижасида жанговар ҳаракатлар 25 июлгача тўхтатилади.

Каддафининг сиёсий режими тобора халқаро жамиятдан узоқлаша бошлайди. 1978 йилда расмий таклиф билан Триполига келган Ливан шиалар жамияти етакчиси икки ҳамроҳи билан сирли равишда йўқолиб қолади. Ливан ҳукумати Каддафини Ливан шиалари маънавий етакчисини ўғирлаш ва ноқонуний қамоққа олишда айблаб уни ҳибсга олишни талаб қилади.

1979 йилда Уганда диктатори Иду Аминга ҳарбий ёрдам юборгани учун АҚШ Ливияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритади.

1980 йил 10 сентябрда Исроилга қарши самарали курашни кучайтириш учун Ливия ва Сурия бирлашув тўғрисидаги битимни имзолайди. Ливия ва Сурия Эрон—Ироқ урушида Эронни қўллаб-қувватлаган ягона араб давлати эди. Бу Саудия Арабистонининг Ливия билан дипломатик алоқаларини узишига олиб келади.

Каддафининг қўли борлиги айтилган Судандаги давлат тўнтаришига уриниш бостирилгандан сўнг расмий Хартум ҳам Ливия билан алоқаларни узади.

Марокаш билан тузилган Буюк Араб Мағриби иттифоқи Каддафининг Эрон билан иттифоқ шартномаси имзолаши ва Марокаш қиролининг Исроил бош вазири Шимон Перес билан учрашуви Каддафи томонидан танқид қилиниши натижасида бекор қилинади.

1986 йил 5 апрель куни Ғарбий Берлиндаги америкалик ҳарбийлар орасида машҳур бўлган Ла Белле тунги клубида портлаш содир бўлади. Натижада 3 киши ҳалок бўлиб, икки юзга яқин одам жароҳат олади. Портлаш ташкил қилинишида Ливия махсус хизматлари изи топилади. Кейинчалик Германия бирлашгач ГДРнинг махсус хизмати — «Штази» маълумотлари Ғарб қўлига тушади, унда Триполининг ГДРдаги элчихонаси билан билан радиоэшиттиришида «иложи борича кўпроқ қурбон бўлиши» кераклиги ҳақида буйруқ ҳам бор эди.

АҚШ президенти Роналд Рейган Каддафини «Яқин Шарқнинг қутурган ити» дея атаб, Ливияни бомбардимон қилиш тўғрисида буйруқ беради. Триполи ва Бенғози шаҳарлари бир неча кун давомида бомбардимон қилинади.

АҚШга қарши қўлловга эришиш учун Каддафи СССРга уч маротаба ташриф буюриб, Брежнов ва Горбачёвлар билан учрашади.

Муамар Каддафи ва Владимир Путин

Фото: Google Images

Ички сиёсат

Муаммар Каддафи даврида Ливия анча катта иқтисодий тараққиётга эришди. Каддафи ҳокимият тепасига келгунга қадар аҳолининг саводлилик даражаси 27% ни ташкил қилган бўлса, кўплаб кутубхоналар ва таълим муассасалари очилгач бу кўрсаткич 51% га етади.

Каддафи сиёсий партиялар фаолиятини тақиқлайди ва матбуот устидан цензура ўрнатади. Талаба ва ишчиларга иш ташлаш тақиқланади. Кўплаб сиёсий мухолифлар қамоққа олинади ёки ўлдириб юборилади.

Аммо Муаммар Каддафи баъзида мухолифларига жуда юмшоқ муомалада ҳам бўлади. Масалан, унинг шахсан ўзи «Абу Садим» қамоқхонаси дарвозасини бульдозер билан бузиб, тўрт юз маҳбусни озод қилган.

2001—2005 йилларда Ливия инфлация даражаси пастлиги бўйича (-3,1%) Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди.

Шу билан бир қаторда мамлакатда Каддафининг олтин ва ёш қизлар билан алоқалари ҳақида миш-мишлар тарқалади.

Ўлими

Муаммар Каддафига ҳаёти давомида етти бор суиқасд уюштирилган бўлса ҳам уларнинг бирортаси омадли якун топмаган.

АҚШ ва Европа Ливияга иқтисодий санкциялар киритиб Каддафи тузумини йўқотишга уринди. Иқтисодий аҳвол ёмонлашгач мамлакатда Каддафига қарши кайфият шаклланади ва тез орада фуқаролик уруши бошланади.

БМТ Ливияга қурол-яроғ ва ҳар қандай ҳарбий материалларни етказиб беришни тақиқловчи санкцияларни жорий қилади ва Каддафининг халқаро саёҳатларини тақиқлаб қўяди.

2011 йил 27 февраль куни Бенғози шаҳрида Каддафи режимига қарши кучлар собиқ адлия вазири Мустафо Муҳаммад Абдулжалил бошчилигида Ўтиш даври Миллий Кенгашини тузади.

Уруш бир неча ой давом этади, ҳал қилувчи ролни АҚШ ва Франция бошчилигидаги коалиция кучлари ўйнади. НАТО кучлари исёнчиларни ҳаво орқали қўллаб, Каддафи тарафдорлари кучларига қаттиқ зарба беради.

Муаммар Каддафи БМТ саммитида

Фото: Google Images

2011 йил 20 октябрь эрта тонгда қўзғолончилар Каддафи кучлари назорати остидаги сўнгги шаҳар Сиртага ҳужумни бошлайди. Муаммар Каддафи шаҳардан қочиб кетишга уринган пайтда НАТО ҳарбий ҳаво кучлари зарбаси натижасида қўлга олинади.

Яраланган Каддафини қўлга олган исёнчилар «самосуд» орқали буюк лидерни ўлдиради. Унинг танаси Триполидаги савдо марказида сабзавот солинадиган музлатгичда ҳамма кўриши учун бир неча кунга қолдирилади. Кейинроқ у ва ўғлининг жасади Ливия чўлларига кўмиб юборилади. Шу тариқа полковник Каддафининг 42 йиллик ҳукмронлиги ва у 1969 йилда амалга оширган инқилоб ҳам якунланади.

Муҳаммадқодир Собиров тайёрлади