Вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланиб, 5 йилга қамалган хонанда Жасур Умиров озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

«Жорий йилнинг 8 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кассация инстанциясининг ажримига асосан Умиров Жасур Увайдуллаевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда, шунингдек, жабрланувчи ва унинг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан чиқарилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган.

2021 йил 9 июнь куни юқоридагиларга асосланиб, Жасур Умиров жазони ижро этиш калониясидан озод қилинди», — дейилади хабарда .

Ижтимоий тармоқларда қамоқдан чиққан Жасур Умировнинг қариндошлари томонидан кутиб олингани акс этган видео тарқалмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида бўлиб ўтган суд мажлисида Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.