Тожикистонда Auto Motors Tadjikistan қўшма корхонаси ташкил этилади, дея хабар қилмоқда UzAuto Motors матбуот хизмати.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 9 июнь куни Тожикистоннинг Бохтар шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга ташрифи арафасида биринчи Ўзбекистон–Тожикистон ҳудудлараро инвестициявий форум бўлиб ўтди.

Форум давомида UzAuto Motors’нинг енгил автомобилларини ишлаб чиқариш Auto Motors Тadjikistan қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича битим имзоланди. Мазкур лойиҳа 2021 йилнинг 21 апрель куни Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири – Шерали Кабирнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган.

Унга кўра, 2021 йилнинг 5–7 май кунлари «Ўзавтосаноат» томонидан ишчи гуруҳ Тожикистонда бўлиб, ҳамкор «АлюминСохтмон» компаниясининг ишлаб чиқариш қувватини ўрганиб, қўшма корхона яратиш бўйича музокаралар олиб бориб қайтди.

Умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил қилган лойиҳанинг дастлабки босқичида ишлаб чиқариш ҳажми 10 000 дона транспорт воситасини ташкил қилса, келгусида уни 35 000 донага ошириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 28 март куни Қозоғистоннинг Кўстанай шаҳрида «Сариарка АвтоПром» МЧЖ ишлаб чиқариш қувватларида Chevrolet бренди остида UzAuto Motors автомобилларининг йиғиш йўлга қўйилганди.

Бундан аввал UzAuto Motors «шапка тизими» яна қайтгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдиргани, Ўзбекистонда сотувдан олинган Equinox моделини Қозоғистонда сотиш бошлангани ҳамда Шавкат Мирзиёев «Ўзавтосаноат»да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга камайиб кетганини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди.