Ўзбекистонда 2020 йил ноябридан бошлаб мамлакатнинг исталган банкларида олтин қуймаларни сотиш бошланди. Олтин қуймалар 5, 10, 20 ва 50 грамм оғирликдаги соф 999,9 олтиндан тайёрланади.

Фото: «Дарё»

Марказий банкнинг халқаро захираларни бошқариш департаменти директори Санжар Валиевнинг сўзларига кўра, олтин қуйма сотиш иқтисодий самара беради.

Масалан, ўз пулларини АҚШ долларида сақлашга одатланган одамлар бунинг ўрнига қуймалар сотиб олишлари мумкин. Бу эса валютага бўлган умумий талабни камайтиради. Ўз навбатида бу иқтисодиётнинг долларлашувининг пасайишига олиб келади. Ҳозирда бунга деярли барча ривожланаётган мамлакатлар интилмоқда.

Шунингдек, у олтин ҳеч бир мамлакат иқтисодиёти ёки валютасига боғлиқ эмаслигини, бу эса инқироз шароитида захира маблағи бўлишига имкон беришини айтиб ўтди. Шундай (инқироз) вақтлар олтин нархи кескин кўтарилиши мумкин, худди 2020 йилгидек.

Марказий банкнинг 14 июнь соат 14:10 даги маълумотига кўра, олтин қуймаларнинг нархи қуйидагича:

  • 5 граммлик олтин қуйма — 3 266 000 сўм;
  • 10 граммлик олтин қуйма — 6 531 000 сўм;
  • 20 граммлик олтин қуйма — 12 935 000 сўм;
  • 50 граммлик олтин қуйма — 32 337 000 сўм.