Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ўтирган хонага раққосалар кириб келгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг «Сирдарё Хабарлари»га маълум қилишича, ушбу видеотасвирлардан сўнг Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ишдан кетди.

Кадр: Twitter

Хабарга кўра, Сирдарё тумани ҳокими қарори билан Сирдарё тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Шералиевич Мирзаев 14 июнь кунидан ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Шунингдек, Сирдарё тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муратов ҳам 14 июнь кунидан ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу видеотасвир ижтимоий тармоқларда 13 июнь куни тарқалганди. Унда Сирдарё тумани ҳокими, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспектори ҳамда бошқа бир неча масъул раҳбарлар ўтирган хонага раққосалар кириб келгани тасвирланган. Вилоят ҳокимлиги видеолавҳада акс этган жараён 2020 йил октябрь ойининг ўрталарида тахминан кеч соат 21:00 да (ишдан ташқари вақтда) Сирдарё туманидаги «Евро Азия» ресторанида содир бўлганини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатилиб, лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгилангани айтилганди.