Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди тўрт ойлик ўғил фарзандини 5200 долларга сотаётган вақтида қўлга олинган аёлга ҳукм ўқиди, дея хабар берди «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов.

Маълум қилинишича, 20 ёшли фуқаро Дилнавоз Козимова (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил 12 декабрь куни, тахминан, соат 16:30 да Жалақудуқ туманининг «Бозорбоши» маҳалласида жойлашган «Гап» номли ошхонада ўзининг 2020 йил 15 август куни туғилган фарзанди Мавлонбек Хурсандбековни холис харидор Муқаддас Файзуллаевага 5200 долларга сотаётганда қўлга олинган.

Суд мажлисида судланувчи Дилнавоз Комилова 2018 йилнинг декабрь ойида Бекмурод исмли фуқаро билан турмуш қургани, бироқ оилавий келишмовчиликлар сабаб 2019 йилнинг сентябрь ойида ажрашгани, шундан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмасдан уч нафар фарзанди бор Носир исмли эркак билан танишиб қолиб, ишқий муносабатда бўлгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, 2020 йил февраль ойи охирларида Носир исмли танишидан ҳомиладор бўлиб қолган аёл бу ҳақда Носирга айтганида у туғилажак фарзандини бирга тарбиялашини билдирган. Ҳомиласи сезилиб қолганидан сўнг Дилнавоз туманнинг «Ғарбий» даҳасидан ижарага уй топиб, ўша ерда Носир билан бирга яшай бошлаган. 2020 йил 15 август санасида ўғил фарзандли бўлгач, ижарада турган уйнинг шароитлари яхши эмаслигини айтиб, ота-онасининг уйига қайтган. Носир эса қонуний турмушидан фарзандлари борлигини, ундан орттирган боласи керакмаслигини айтиб, хабар олмай қўйган.

«Шундан сўнг тушкунликка тушиб қолдим. Бундан ташқари фарзандим касаллик билан туғилгани учун уни даволатишим керак эди. Ноябрь ойи ўрталарида уйимизга Муқаддасхон исмли аёл келиб, боқиб олиш учун бола кераклигини айтиб, иложи бўлса, ўғлимни унга беришимни сўради. У аёл боламни васийлик-ҳомийлик органи орқали қонуний қарамоғимга оламан деб ваъда берганди. Бироқ мен ўғлимни ҳеч кимга бермаслигимни, ўзим тарбиялаб катта қилишимни айтдим. Шундай бўлса-да, Муқаддас опа тинмай қўнғироқ қилиб, эвазига уй ёки пул беришини айтиб туриб олди. Унга ҳеч нарса керакмаслигини, фақат боланинг бошини операция қилиб, даволатиш зарурлигини айтдим. Лекин бермадим. У яна безовта қила бошлади. Ўша пайтларда пулга қийналиб қолганим учун боламни 4500 долларга сотишга рози эканлигимни билдирдим. 2020 йил 12 декабрь куни Муқаддас опа билан телефон орқали боғланиб, айтилган вақтда айтилган жойга бориб ундан пулни олиб, тилхат ёзиб бераётганимда ушландим. Бу ишни ўзим хоҳлаб қилганим йўқ, у аёл ҳадеб пул таклиф қилавергани ва ўзи ўша пайтда тушкун ҳолатдалигим, отаси ҳам ундан юз ўгиргани учун мажбур бўлдим. Бунинг учун барчадан кечирим сўрайман», — дея афсусдалигини билдирган судланувчи аёл.

Суд мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, Дилнавоз Козимовани Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан айбли деб топиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.