Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Евро—2020 1-тури доирасида Венгрияга қарши ўйин олди матбуот анжуманида қатнашди.

Фото: Reuters

Курсига ўтиргандан кейин Роналду Евронинг ҳомийларидан бўлган Coca-Cola ичимлигини четга суриб қўйди, сувни эса жойида қолдирди. Бунга сабаблар етарли, албатта.

Роналду диетага қатъий риоя қилади — ширинлик умуман истеъмол қилмайди

Криштиану диета орқали жисмоний формасини сақлаб туради. Мушак оғирлигини кўпайтириш ёки ортиқча вазндан халос бўлиш учун Роналдунинг жамоаси турли хил машғулотлар жадвалини тузиб чиқади: спорт машғулотлари, залдаги яккалик машқлар, махсус таомнома ва дам олиш режими. Криштиану ҳатто майда деталларга ҳам эътибор беради. «У перфекционист», — деганди Зинедин Зидан «Реал» мураббийлар штабида ишлаган вақтида Роналдуга таъриф берар экан.

Сансолинидан видеодаги ҳолатга пародия

Фото: Twitter/@EmilioSansolini

«Соғлом диета — бу футболнинг асоси. Агар сен тўғри ёқилғидан фойдалансанг, у ҳолда 100% тайёр бўла оласан», — дейди Роналду.

Ширинлик — Криштиану учун ёмон ёқилғи. Айнан шунинг учун унинг ратционида шакар ва газли ичимликлар умуман йўқ. Қоматга эътибор бериш, машғулотлар ва тўғри овқатланиш — Криштиану учун асосий йўналишдир.

2018 йилда 33 ёшли Роналду ўзининг биологик ёши 23 да экани ва 40 ёшга қадар юқори даражада футбол ўйнай олишини айтганди.

Криштианунинг реклама шартномалари ҳақида

Ҳа, Роналду ҳеч қачон ширин ичимликлар рекламасида қатнашмаган. Бунга ҳожат ҳам йўқ, ахир унда Nike билан улкан келишув ва шахсий бренд бор.

Криштиану спортчиларга тўғри келадиган озиқ-овқатларни фаол реклама қилади ва газли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар билан музокара ҳам олиб бормайди. Гарчи 8 йил аввал футболчи KFC промоакциясида иштирок этган ва товуқ болдирчаларини истеъмол қилган бўлса-да.

Бир марта Pepsi унинг образини ишлатган ва кейинчалик узр сўраганди

ЖЧ—2014 саралаши доирасида кечган Швеция — Португалия учрашувидан олдин PepsiCo компанияси еттинчи рақамли либослар кийдирилган бир нечта қўғирчоқлар суратини эълон қилади. Роналдуни акс эттирган қўғирчоқда бош ўрнига пачақланган консерва банкаси қўйилади.

Фото: Reuters

Криштиану Швецияга қарши ўйинда ҳет-трик қайд этган ва жамоасини Жаҳон Чемпионатига олиб чиқади. PepsiCo эса бу реклама учун дарҳол кечирим сўрайди.

«Ҳеч ким мукаммал эмас ва ҳаммамиз хато қиламиз. Ҳақиқий узрни кўриш муҳим. Шу сабаб кечирим қабул қилинди, Pepsi», — дея жавоб қайтарганди футболчи.

Роналду ўғлига газли ичимлик ичишни тақиқлайди. Таомномада фақат пиццага истисно бор

Бу қоидаларга нафақат Кришнинг ўзи учун, балки бутун оила амал қилиши керак. Хусусан, у катта ўғлининг овқатланиш тартибини назоратда ушлайди.

«Ўғлимда потенциал бор, кўрамиз, у буюк футболчи бўла олармикан. Баъзида у билан қийналаман, чунки у соғлиқ учун зарарли бўлган Coca-Cola ва Fanta ичади. Чипс ва шунга ўхшаш нарсаларни егани менга ёқмайди, доим у билан курашаман. Шунчаки шуғулланмоқчи бўлган соҳасида энг яхшилардан бўлишини хоҳлайман. Унга доим қийин иш ҳаммасидан муҳим эканини айтаман.

Менда тўрт фарзанд бор ва уларга энг яхшисини раво кўраман, бироқ улар шоколад ейди — бундай вазиятларда кучли бўлишим керак», — дейди Роналду.

Фото: Instagram

Роналду тўғри овқатланиш борасида баъзида истисно ҳам қилиб туради, бироқ бунга сабаб бор: «Айрим вақтларда ўғлим билан пицца ейман. Акс ҳолда иккимизга жуда зерикарли бўлган бўларди».

Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия терма жамоаси 15-июн куни Венгрияга қарши 1-тур ўйинини ўтказади. Учрашув Тошкент вақти билан 21:00 да бошланади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!