«Қаттиққўл хоним» фильмидаги кўнгилочар журналнинг бош муҳаррири Миранда Приcтли образи Мерил Стрип карьерасидаги энг таниқли роллардан бирига айланди. Актриса фильмда бадфеъл бошлиққа айланиши осон бўлмагани ҳақида Entertainment Weekly’га берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: Glamour

«Мен фильм устида ишлаётганда тушкунликда эдим, – дейди Стрип. – Ролга яхшироқ кўникишим учун суратга олиш ишлари орасида ҳам Миранда образидан чиқа олмадим. Шундай қилиб, бир куни кечки пайт трейлеримда ёлғиз вақт ўтказишимга тўғри келди. Ҳамкасбларимнинг эса вақтини ажойиб ўтказаётганини, кулаётганини эшитдим ва ўзимни жуда даҳшатли ҳис қилдим! Аммо бу бошлиқ бўлиш эвазига тўланадиган нарх эди».

Иложи борича актрисанинг образ характеридан ташқарига чиқмаслик қарори Энн Хетеуэйга ёрдамчининг ролига кўникишига ҳам ёрдам берди. Энннинг таъкидлашича,  Стрип шу қадар қўрқинчли туйилганидан у доим қўрқиб кетганини ҳис қилган. «Мен ундан қўрқишим учун атайлаб шундай қилаётганини билар эдим ва буни қадрлардим. У мендан қаҳрамонимни қидираётганини сезар эдим», – дея қўшимча қилади Энн.

Фото: Glamour

Шунингдек, актриса ушбу ролдан бир неча бор рад этилганини ҳам айтиб ўтган. Фильмнинг режиссёри Дэвид Фрэнкэл Миранда ёрдамчиси ролини «Хотира кундалиги» фильмининг юлдузи Рейчел Макадамс ижро этишини хоҳлаган. Аммо у Хетеуэйдан фарқли ўлароқ, ушбу ролга умуман қизиқиш билдирмаган. Энн ролга даъвогарлар рўйхатида тўққизинчи ўринда бўлса-да, қатъиятлилиги туфайли ҳам ўз мақсадига етди. Ва у тўғри қарор қабул қилди – фильм муваффақиятга эришди, шунингдек, актрисага ҳам шуҳрат келтирди.