Хонанда Дилдора Ниёзова «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: «Дарё»

Дилдора Ниёзова ўранганидан сўнг «Ўзбекконцерт»га мажлисга чақиришгани, бу мажлисдан сўнг санъатдан насибаси узилмаганини тушуниб етгани ҳақида гапириб берди.

Рўмолни биринчи ўраган вақтимда турмуш ўртоғим «Ўзбекконцерт»да мажлис бўлаётган экан, Дилдора сени чақиришяпти, дедилар. Бир қўрқув босди, нимага қўрқаман, дедим. Кейин дадаси мен бораман, лекин ёлғиз бораман, ҳозир битта нотўғри гап айтишса, дилим синади, кўнглим чўкиб қолади, дедим. Юрак ютиб мажлисга бордим: ҳамма келган, битта мен рўмолда ўтирибман.

Тақдирнинг мўъжизасини қарангки, домла келиб исломий мажлис бўлди. Манзура ёнимда ўтириб «Дилдора, энди тамом, сизни олиб кетиб қолишади», деди. Мени нимага олиб кетишади, қаерга олиб кетишади, дедим. Мен ҳам рўмол ўрайман, деяпман-у, аммо қўрқяпман-да, деди. Балки, унинг ҳам ҳаётида нимадир бўлгандир-да, бу менга номаълум. Мен Аллоҳга таваккал ўрадим, лицензиямни олиб қўйишса, топшириб юборавераман. Менга лицензия ҳам керак эмас, пешонамга нима ёзган бўлса шуни кўраман, бунга иккиланиш керак эмас дедим.

Нуриддин ҳожи домла жуда ҳам чиройли маърузалар қилдилар. «Санъат — гуноҳ» деб нима учун билиб-билмасдан гапиряпсизлар дедилар. Жуда чиройли мажлис бўлди.

Агар «Ўзбекконцерт»даги ўша мажлисда «Нимага бунақа рўмол ўрадингиз, омма орасига қоп-қора бўлиб келдингиз, оммани ичида бунақа юриш мумкин эмас»,  дейишганда мен «Лицензиямни ҳам топшираман, шу нарса халақит қиладиган бўлса, бутунлай кетаман», деб айтмоқчи эдим. Ваҳоланки барчаси жуда чиройли бўлди. Демак, бу соҳадан ҳали насибам узилмаган экан.

Аллоҳга таваккал қилган инсон бу ҳаётда ҳамиша ютади.

Дилдора Ниёзова, хонанда

Маълумот учун, Дилдора Ниёзова 1978 йил 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. «Халқлар дўстлиги» саройида олти маротаба яккахон концерт дастурини тақдим этган. 300 дан ортиқ муаллифлик қўшиқлари, ўн тўртта мусиқий альбоми бор. Оилали, икки фарзанднинг онаси.