15 июнь куни жинсий зўравонликда айбланиб, 23 йилга қамалган таниқли продюсер Харви Вайнштейнга нисбатан навбатдаги можароли суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради «Film.ru».

Фото: «Film.ru»

Судья маҳбусга нисбатан беш нафар аёлдан янги айбловлар илгари сурилгани сабаб уни Лос-Анжелесга экстрадиция қилиш борасидаги талабни қаноатлантирди. Агарда Вайнштейн барча ҳолатларда айбдор деб топилса, унинг жазо муддати максимал даражага оширилиб, 140 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Аввалроқ Вайнштейннинг ҳимоячиси экстрадицияни унинг соғлиғидаги муаммолар сабаб кечиктиришга уринган эди, чунки қандли диабет сабаб унинг аҳволи оғирлашган ва маҳбусга тез тиббий ёрдам керак бўлган. Бироқ прокуратура собиқ продюсер экстрадицияни амалга ошира олади деб ҳисоблаган. Бунинг устида Лос-Анжелесда тиббиёт хизмати мамлакатда энг яхши ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Вайнштейнга қарши биринчи оммавий айбловлар 2017 йил октябрида The New York Times ва New Yorker газеталарида Miramax ва The Weinstein Company кино компаниялари ходимларига, шунингдек, у суратга олган фильмларда рол ўйнаган актрисаларга нисбатан узоқ муддатли жинсий зўравонлик қилгани ҳақидаги мақолалар эълон қилинганида пайдо бўлган.

Шундан буён Вайнштейнни 80 дан ортиқ аёл жинсий зўравонликда айблаган. Улар орасида Анжелина Жоли, Гвинет Пелтроу, Ума Турман, Салма Ҳаек ҳам бор. У ишдан олинган, компанияси эса банкрот деб эълон қилинган. Вайнштейнга қарши расмий айблов 2018 йил май ойида эълон қилинган бўлиб, у Нью-Йорк полициясига таслим бўлган. Нью-Йоркда Вайнштейнга қарши суд бошланганидан кейин Лос-Анжелес прокуратураси ҳам янги айбловларни илгари сурган.

Продюсер Нью-Йорк қамоқхонасида бўлган вақтида коронавирус билан касалланган ва деярли кўр бўлиб қолган. Вайнштейннинг ўзи ҳозирга қадар айбини рад этиб, ўзига нисбатан чиқарилган ҳукмга қарши апелляция бериб келмоқда.