Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманида сайёҳлик мавсуми очилишига бағишланган тадбир ўтказилди. Бу ҳақда тадбирда қатнашган «Дарё» мухбири Азизжон Эрматов хабар берди.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, Фарғона вилояти делегацияси Қадамжой тумани чегарасида катта тантаналар билан кутиб олинган.

Шундан сўнг Шоҳимардоннинг жанубий тарафида, денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда, тоғлар бағрида жойлашган Кўли Қуббонга элтувчи узоқ вақт давомида ёпиқ бўлган осма дор йўли қайтадан очилган.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Боткен вилояти губернатори Абдукарим Алимбоев осма дор йўлининг илк расмий сайёҳлари бўлган.

Фарғона ҳокими ва Боткен губернатори табиат мўъжизаси ҳисобланган кўм-кўк Кўли Қуббон бўйлаб қайиқда сайр қилган. Шунингдек, икки вилоят раҳбарлари шу ерда журналистлар ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берган ва туризмни ривожлантириш учун ҳамкорликда қилиниши лозим бўлган режалар ҳақида тўхталиб ўтган.