Ўзбекистонда «Андижон музқаймоқлари» номи остидаги маҳсулот патентланди. Бу ҳақда «Бу кун» информацион дастурида хабар қилинди.

Соҳада 15 йиллик тажрибаси бор тадбиркор Ҳикматуллоҳ Мадраҳимов «Андижон музқаймоқлари»ни тайёрлашни 5 йил аввал бошлаганди. Музқаймоқ машҳур бўлгач, уни уй шароитида тайёрлаб, сотадиганлар ҳам пайдо бўла бошлади.

«Тадбиркорлик рўйхатида йўқ одамлар ҳам уй шароитида қўлбола равишда ишлаб чиқариб сотяпти. Рейдларда тушган ‘Андижон музқаймоқлари’ дея сотилган музқаймоқлар орасида бизнинг маҳсулотлар йўқ эди», — дейди «Андижон музқаймоқлари» раҳбари Ҳикматуллоҳ Мадраҳимов.

Қўлбола усулда тайёрланганлари ортиб, ҳудудларда санитар талабларга зид музқаймоқлар кўпайгач, тадбиркор асл музқаймоқ ишлаб чиқаришни тўхтатди. Бироқ сотувчилар ўзи тайёрлаган маҳсулотни шу ном билан сотишда давом этди.

Ҳикматуллоҳ Мадраҳимов «Андижон музқаймоқлари»ни патентлади. Энди уни қалбакисидан ажратиб олиш қийин эмас.

«Ҳар бир бизнесда рақобат бор. Биз нима ишлаб чиқарсак, орқасидан ‘копия’си ишлаб чиқариляпти. Шунинг учун биз бу ҳолатни ўрганиб, нима қилсак, мижозларимиз фақат биздан ўзимизнинг брендимиз номини кўриб сотиб олади деб ўйлаб, янги аравачалар ишлаб чиқардик. Бу аравачаларни ҳам ‘Андижон музқаймоқлари’ каби патентладик», — дейди Ҳикматуллоҳ Мадраҳимов.

Қайд этилишича, Тошкентга шундай аравачалардан 40 дона юбориш режалаштирилган.